Ўзбекистон | 11:04 / 18.03.2022
4545
3 дақиқада ўқилади

Мустақилликдан олдин 20 миллионга ҳам етмасдик, ҳозир 35 миллиондан ошдик. Бу ҳам Аллоҳнинг марҳамати – президент

Халқаро форумлар саройида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказаётган президент Шавкат Мирзиёев аҳоли турмуш тарзини яхшилаш масаласига тўхталди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

“Мустақилликдан олдин аҳоли сони бўйича 20 миллионга ҳам етмасдик, ҳозир 35 миллиондан ошдик. Бу ҳам Аллоҳнинг марҳамати. Энди бу халқимизнинг муносиб турмуш тарзи ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳудудларда 23 та ихтисослашган тиббиёт марказларининг юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Натижада, илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операциялар ва диагностика жараёнларини маҳаллий шифохоналард́а ўтказиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса, туманларда биринчи марта йўлга қўйилди. Сўнгги беш йилда янги 200 турдаги жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилгани, айниқса эътиборлидир.

Мисол учун, пойтахтимиз ва ҳудудларда ўтказилган буйрак трансплантацияси орқали, шу кунгача 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳаммангиз яхши биласиз, авваллари ҳар йили минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элга боришга мажбур эди. 

Тасаввур қилинг, одам ўзи оғир касал бўлса, қанча вақт, қанча маблағ сарфлаганидан ташқари, жонини ҳам хатарга қўйиб, бегона юртларда сарсон бўлиб юрарди.

Эндиликда, яратилган янги шароит ва имкониятлар ҳисобига, илгари хорижда бажарилган қиммат операциялар, ўзимизнинг шифокорлар томонидан амалга оширилаётгани, албатта катта ютуқдир.

Хабарингиз бор, яқин-яқингача эҳтиёжманд аҳолининг, республика тиббиёт марказларида даволаниши учун “ордер” деган бир эски тизим бор эди. Ушбу “ордерлар” қоғоз шаклида юритилиб, аксарият ҳолларда таниш-билишчилик асосида бериб келингани, ҳеч кимга сир эмас.

Шу билан бирга, “ордер” учун маблағлар республика тиббиёт марказларига бемор келса-келмаса, унинг миқдори етарлими ёки йўқми, ҳар йили ўтказиб келинган. Оқибатда, ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳоли даволаниш учун йиллаб навбатда турган бир вақтда, айрим марказлар самарасиз молиялаштириб келинган.

Биз бундай амалиётдан тўлиқ воз кечиб, эҳтиёжманд аҳоли учун, республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф, янги тизимига ўтдик. Энди, ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолига “электрон навбат” асосида берилмоқда”, – дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид