Унинг сўзларига кўра, бу вариантни «маълум бир келишув сифатида кўриш мумкин». Песков бошқа жиҳатларга тўхталмаган.
16 март куни тинчлик музокараларида Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Владимир Мединский Украина томони Австрия ёки Швеция модели бўйича таклиф билан чиққани, бу масала Россия ва Украина мудофаа вазирликлари раҳбарияти даражасида муҳокама этилаётганини маълум қилди.
«Бундай модель мамлакат ҳарбий блокларга кириш ва ўз ҳудудида хориж ҳарбий базалари жойлаштирилишидан воз кечишини назарда тутади, аммо ўз армияси ва ҳарбий-денгиз кучларига эга бўлишда давом этади», дегади у.
Киевдагилар эса мамлакат 2010 йилдаёқ бетарафлик ва қўшилмаслик ҳақида эълон қилгани, аммо тўрт йил ўтиб Россия Қримни босиб олиб, Донбассдаги айирмачиларни қўллаб-қувватлагани ҳақида эслатган.
Украина президенти офиси маслаҳатчиси, украинлар делегацияси аъзоси Михаил Подоляк эса Украина Россия билан уруш олиб бораётгани туфайли, музокараларда бетарафликнинг шведча ёки австрияча модели эмас, украинча модели ҳақида гап кетишини таъкидлади.
«Биринчидан, бу мутлақ хавфсизлик кафолатларини англатади. Ҳақиқийсини, шунчаки протоколдаги ёки будапештча эмас. Бу эса Украинага ҳужум қилинган тақдирда, кафолатларни имзоловчи томонлар бугунги кундаги каби четда турмаслигини, можаро вақтида Украина томонида туриб, зарур қуроллар зудлик билан етказиб берилишини таъминлаши зарурлигини англатади. Иккинчидан, Украина энди осмони ёпилиши бюрократик тартибларга боғлиқ бўлишини истамайди. Бизга осмон ёпилиши борасида аниқ кафолатлар керак», деган Подоляк Мединскийнинг сўзларига муносабатида.
Агар унинг қабул қилиниши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса, Украина нейтралитети варианти қандай номланиши у қадар муҳим бўлмайди. BBC Мединский томонидан айтилган Европадаги нейтралитет моделлари нималарни назарда тутишини кўриб чиқди.
Австрия модели

Австрия Россия билан умумий чегараларга эга эмас, барча томондан дўстона давлатлар билан қуршаб олинган - уларнинг кўпи НАТО аъзолари (Италия, Германия, Словения, Чехия, Словакия ва Венгрия), шунингдек, альянсга аъзо бўлмаган Швейцария ва Лихтенштейн.



















