Ўзбекистон | 07:33 / 19.03.2022
21628
3 дақиқада ўқилади

Оҳангарон тумани ҳокимлиги ходими 20 минг доллар билан ушланди

Фото: ДХХ

Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.

Президентнинг «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2021 йил маҳаллий МЧЖга инвестиция киритиш шарти асосида кўп қаватли турар жойлар, коттежлар ҳамда маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун туман ҳудудидан 4 гектар ер ажратиб берилган.

Тошкент вилоятида яшовчи, 1964 ва 1970 йилларда туғилган икки нафар шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, ўзларига тегишли бўлмаган ушбу 4 гектар ерни унга 800 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг доллар олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди. 

Тошкент вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда эса Оҳангарон тумани ҳокимлиги ходими тоғли ҳудуддан 500 гектар яйлов ер майдонини электрон аукцион савдода ютиб, ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига, харидордан талаб қилинган 35 минг АҚШ долларидан 20 минг долларини аванс сифатида олган вақтида ушланди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Косонсой давлат ўрмон хўжалигининг назоратчиси мазкур хўжаликка тегишли 85 сотих ер майдонини 49 йилга ижара шартномасини тендерсиз ютиб бериш эвазига 55 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бухоро вилоятида қайд этилган ҳолатда Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги ходими маҳаллий МЧЖга тегишли 5 гектар ва бошқа бир фуқаро бошқарувидаги фермер хўжаликнинг 3 гектар, жами 8 гектар ер майдонини 16 минг АҚШ доллари эвазига мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, келишилган пулни олган вақтида ДХХ ва Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланди. 

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид