Фарғона вилоятида таваллуд топиб, ФарДУни битирган ва Хитойнинг Чончинг шаҳридаги Жанубий-ғарбий университетида ихтиология йўналишида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган Бахтиёр Шералиев ҳозирда Хитойдаги университетда PostDoc лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Интернетнинг ўзбек сегментида биологияга оид ўзбек тилидаги илмий материалларни кенгроқ оммага ёйиш мақсадида ташкил этилган Hujayra.uz лойиҳаси асосчиси бўлган Бахтиёр Шералиев суҳбат давомида ёшлардаги реал муаммолар ва уларнинг ечимлари, илмий раҳбар танлаш, демотивация бўлган ҳолларда қандай оёққа туриш, «бажарувчи»дан «фикрловчи»га айланиш кераклиги ҳақида тавсияларини бериб ўтди.

Фаолият йўли

Биология соҳасига чуқурроқ кириб боришимда устозим Зилола Ибрагимованинг ўрни беқиёс. Мендаги биологияга бўлган чўғларни оловлантирган, шу йўлга киришимда ва профессионал ушлашимда шу инсоннинг меҳнати катта. Фанга нисбатан самимийликни, одилона бўлишликни ўргатган. Ҳеч қачон олимпиадалардан олдин саволларни ўзлари тузган бўлсалар-да, бермасдилар. Чунки бу илм олаётган инсондаги энг яхши хислатлардан бўлиши керак. Биолог бўлишимга асосий сабаб шу киши бўлган.

Ҳозиргача кўз олдимдан кетмайди. 2007 йилда Фарғона давлат университетига ҳужжатларимни бориб топширмоқчи бўлганимда ўша ердагилар: «Биология йўналишига қизлар топширади, ўғил болалар ўқийдиган соҳа эмас», деган. Мен: «Биолог бўлгани келдим, биолог бўлишим керак», деганман. Биринчи йилиёқ грантга кирганман. Мен биологияни биолог бўлиш учун ўқиганман, ўқитувчи бўлиш учун ўқимаганман.

Бу мақсад қаердан пайдо бўлган?

Биологияни ўрганишнинг ўз методлари бор. Биринчиси – кузатиш, иккинчиси – таққослаш. Кузатиш биологияни ўрганишнинг энг қадимги методларидан бири. Шу нарса менда туғма бўлган, балки бобом биолог бўлгани учунми, доим кузатиб юрардим. Дафтарларим бўларди, ўсимликларни кузатиб, моллюскаларни сувдан олиб, текшириб кўрардим. Ўқитувчиликдан кўра, биологияни ўрганишда табиий қизиқишлар пайдо бўлган.

2011 йил бакалаврни тугатдим. Бакалаврни тугатаётган пайт амалиётда дарс берганмиз. Бакалаврдан кейин магистратурада зоологияни ўрганишни бошладим ва мактабдан узоқлашдим. Ўқиш ярмидан университетда лаборант бўлиб ишлаб, кичик жиҳатларига ҳам кириб борганмиз. Бу мен учун муҳим мактаб бўлган. Магистратурага киришдан аввал 1 йил мактабда дарс берганман. Магистратурада ўқиётганимда 100 нафар ўқувчига репетиторлик қилиш имконияти бўлган, аммо лаборантликни танлаганман. Лаборантнинг ойлиги икки нафар боланинг репетитор пули билан бир хил эди. Ўша пайтларда мактаб директоримиз ҳам руҳий далда берган ва шу билан иш бошланиб кетган.