Ўзбекистон | 07:36 / 26.03.2022
16364
2 дақиқада ўқилади

Электромобилда таксичилик қилувчилар 2040 йилга қадар барча лицензия тўловлари ва йиғимлардан озод этилади

Фото: Getty Images

Президентнинг “Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва “Ўзавтосаноат” АЖ билан биргаликда республика ҳудудида босқичма-босқич йўналишли ва йўналишсиз таксиларни электромобилларга ўтказишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бунда, электромобилларда такси хизматларини кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахсларни 2040 йилга қадар барча лицензия тўловлари ва йиғимларидан озод қилиш назарда тутилади.

Ўзбекистон ҳудудида электромобилларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида:

  • жисмоний ва юридик шахслар республикада ишлаб чиқарилган янги электромобилларни шунингдек, ташқи электр манбаи орқали зарядланувчи, қўшимча ички ёнув двигатели ва электр мотори ёрдамида ҳаракатланувчи автомобилларни сотиб олганлик учун йиғимни тўлашдан озод этилади;
  • электромобиллар ва гибрид автомобилларни республикада ишлаб чиқарадиган (йиғадиган) юридик шахслар утилизация йиғими тўлашдан озод этилади;
  • республикада ишлаб чиқариладиган электромобиллар ҳамда гибрид автомобиллар учун бутловчи қисм ва хомашёлар бўйича божхона божи тўлашдан озод этилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш бўйича харажатлар, шу жумладан, асбоб-ускуна, қурилиш ишлари ва электромобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш харажатларини қоплаш учун 10 миллион АҚШ долларигача 5 йиллик фоизсиз шартларда заём берилади.

Маҳаллийлаштириш даражаси 20 фоиздан ва ишлаб чиқариш ҳажми йилига 15 000 донадан кам бўлмаган ва сотув нархи 1000 БҲМдан юқори бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг ваколатли дилерлик ташкилотлари томонидан харидорларга етказиб бериладиган барча турдаги электромобиллар ва гибрид автомобиллар қийматининг 170 БҲМ миқдордаги қисми субсидия сифатида қоплаб берилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид