Ўзбекистон | 07:41 / 26.03.2022
4493
2 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» ташкил этилади

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг “Энергетика вазирлиги ҳузурида “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Марказ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг миллий, регионал ва ҳудудий диспетчерлик функцияларини бажаради.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • ягона электр энергетика тизимини оператив бошқариш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш;
  • ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи корхоналарнинг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш;
  • электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, уни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳар соатлик режимини шакллантириш;
  • ягона электр энергетика тизимининг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш; 
  • ягона электр энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимларини бошқариш.

Қуйидагилар марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

  • электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва тақсимловчи ташкилотларга шартнома асосида диспетчерлик хизматини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
  • халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари;
  • ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид