Ўзбекистонда хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимларини фото ва видеога олиб, уларнинг рухсатисиз интернетда тарқатиш тақиқланиши кўзда тутилган ҳукумат қарори лойиҳаси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Legalclinic юридик клиникаси юристи Мадина Турсунова ҳам бу борада фикр билдирди.

“Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Мадина Турсунованинг фикрича, барча лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига тузатиш киритиш зарурлиги асосланмаган ҳолда ҳавола қилинади.

“Нега? Асос қани? Тузатиш киритишнинг жамият ва фуқаролар учун қандай ижобий таъсири бор? Ҳеч кимга кераксиз ва ҳеч кимни қизиқтирмаётган жамоатчилик назорати нима бўлади?  

Ходимнинг беҳуш ҳолдаги фотоси тарқалган вазият юз берганди, аммо тартиббузарни топишди ва МАВЖУД маъмурий ва жиноий жавобгарлик нормалари доирасида жазолашди.  

ЙПХ ходимларига бундай устувор ҳуқуқ берилишининг сабаби нимада? Нима учун жамоатчилик назорати ҳамда жамоатчилик қизиқиши, норозилигига сабаб бўлиб келаётган ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масаласи ҳисобга олинмаяпти?  

Афтидан, энди кеч ва қўшимчани зудлик билан қабул қилишади, аммо бир нечта АММОлар бор, қўшимча юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зиддир. Ҳа, юқори минбарларда туриб гапирилаётган очиқлик ва коррупцияга қарши кураш сиёсатига зид.  

1. Тақиқлашнинг сабаби нимада? ЙПХ ходимлари хизматни кўчада, яъни шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш тамойиллари амал қилмайдиган жамоат жойларида олиб боради.  

2. Ходимлар хизмат вақтида нимадан қўрқишади? Агар барча ҳаракатлари қонун доирасида бўлса, нима учун ходимни тасвирга олиш ва бу тасвирни жойлаштириш мумкин эмас? Кимни кимдан ҳимоя қилишмоқчи?  

3. Ҳуқуқий демократик давлатларда ҳуқуқ-тартибот органлари ва амалдорларга нисбатан алоҳида қоидалар ва уларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш даражаси амал қилади, чунки бу ерда жамоатчилик назорати таъминланиши шарт, бошқа йўли йўқ. Бизда эса ходимни хизмат вақтида тасвирга олиш тақиқланмоқда. Одатдагидек, қонуний ҳужжатга ҳеч қандай аниқлик киритмасдан, истисноларсиз, тушунтиришларсиз тузатиш киритилмоқда.