“Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида электромобилларни оммалаштиришга қаратилган бир қатор янгиликлар акс этган. Аммо уларнинг барчаси ҳам кишини бирдай қувонтиравермайди.
Масалан, соҳани ривожлантириш чора-тадбирларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида “Яшил иқтисодиётни ривожлантириш” жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, жамғармани қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантириш мақсад қилинмоқда:
- транспорт воситаларини ДЙҲХХдан рўйхатдан ўтказишда ички ёнув двигателли янги автотранспорт воситалари қийматининг 0,2 фоизи (бундан гибрид автотранспортлар мустасно) ҳамда илгари фойдаланишда бўлган ички ёнув двигателли автотранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишда улар қийматининг 0,5 фоизи;
- ички ёнув двигателининг ҳажми 2 литр ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун автотранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказишда олинадиган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдоридаги тўлов;
- чакана савдо тармоғида автомобиль бензини, дизел ёқилғиси сотишда ҳар бир литр учун 15 сўм ҳамда суюлтирилган ва сиқилган газнинг чакана савдо шахобчаларида ҳар бир куб.м учун 100 сўм миқдорида махсус устама ҳақ;
- экологик туризм ҳудудларига кириш учун 2022 йил 1 июндан бошлаб ички ёнув двигателли битта транспорт воситасидан 10 минг сўм миқдорида экологик тўлов.
Қарор лойиҳасида масъул вазирликларга жамғарма маблағларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш талаби ҳам қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, электромобилларни ривожлантириш важи билан бензин ва газда юрадиган автомобиллар эгаларига янги солиқлар жорий этилиши мумкин.
Узоқ йиллар давомида мантиқсиз равишда отнинг калласидек йиғим тўлаб келган автомобил харид қилувчилар 2022 йил 1 январдан йиғимдан озод бўлди.
Яъни, шу вақтгача янги (фойдаланишда бўлмаган) автотранспорт воситалари бўйича харид қилиш нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим ундирилар эди (масалан, 100 миллион сўмлик машина учун 3 миллион сўм, 300 миллион сўмлик бўлса, 9 миллион сўм).
Иккиламчи бозордан машина харид қилинганда эса ишлаб чиқарилган йилига қараб, ҳар бир от кучи учун 29,7 минг сўмгача йиғим ундирилган. Масалан, ишлаб чиқарилганига 3 йил тўлмаган, 100 от кучига тенг машинани сотиб олганлик учун деярли 3 миллион сўм йиғим тўланарди.
















