3 май куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида ташкиллаштирилган сайёр қабулда можароли ҳолат кузатилди. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Ниғматилла Йўлдошев билан учрашмоқчи бўлган аёл ва унинг қайнотасини раҳбарининг қабулига ўтказишни истамади. Мурожаатчилар бунга эътироз билдирганда эса уларга қўпол муносабатда бўлиб, ички ишлар ходимларига аёлни бу ердан олиб кетишни буюрди.
Мурожаатчи Севара Равшанова Бош прокуратура мулозими билан ўртасида рўй берган можарога нима сабаб бўлганини сўзлаб берди.
“Светлана Ортиқова бош прокурор қабулига киришимизга қаршилик қилди. Сайёр қабулга келганларни аввал бош прокурор ўринбосарлари эшитиб кўришаётган экан. Ташкилотчилар бизни Светлана Ортиқовага йўналтиришди. У дардимизни эшитиб, олдин менга мурожаат қилмагансизлар, аризани олиб қоламан, ёрдамчиларим кўриб чиқишади деб айтди.
Ҳолбуки бу пайтгача айни масала юзасидан Бош прокуратурага 5 марта мурожаат қилгандик. Бирортасига жавоб келгани йўқ. Шу сабабли Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, бош прокурор қабулига кириш учун ёрдам сўрагандим. 2 май куни кечқурун Президент администрациясидан қўнғироқ қилишиб, эртага Бўкага етиб боришимни айтишди. Шу сабабли келгандим бу ерга. Бизни Светлана Ортиқова қабул қилсин деганим йўқ эди ҳеч кимга.
У эса қайнотам иккимизни бош прокурор олдига ўтказмади. Ортиқова аризамизни олиб қолиб, бизни жўнатиб юбормоқчи бўлди. Шунда қайнотам: “Майли, унда аризанинг иккинчи нусхасига мурожаатимизни олиб қолганингиз ҳақида қўл қўйиб беринг”, деб айтди. У қўл қўймаслиги, ёрдамчиси қўл қўйиб олиб қолишини айтди. Қайнотам бу ҳолда бош прокурор қабулига киришимизга имкон беришини сўради. Шунда у аёл: “Сиз кимсиз менга буйруқ беришга?” деб айтди.
Унинг қайнотамга қилган муомаласи иззат-нафсимга тегиб кетди. “Муомалангизни тўғриланг. Ўзингиз кимсиз? Менга сизнинг қабулингиз керак эмас. Фақат бош прокурорнинг қабулига кириш учун бу ерга келдим” дедим унга. Шу жараёнда Ортиқова қўлимдаги аризамни шахсий ҳужжатларим билан биргаликда юлиб олишга ҳаракат қилди. Табиийки, мен қаршилик кўрсатдим. Шу жараёнда ариза йиртилиб кетди. Бундан янада асабийлашдим”, дейди мурожаатчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда.












