Ўзбекистон қайси давлатларга олтин сотаётгани нега очиқланмаслигига изоҳ берилди
Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга давлатлар қаторига Ўзбекистондан олтин сотиб олувчи давлатлар киритилмайди. Экспортда олтин улуши юқори бўлган даврларда ҳам олтин экспортининг давлатлар бўйича тақсимоти очиқланмайди. Давлат статистика қўмитаси вакили бунга изоҳ берди.
31 март куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Статистика қўмитаси расмийларидан Ўзбекистон қайси давлатларга олтин экспорти қилаётгани ҳақида сўралди.
“Статистика қўмитаси эълон қилган 2022 йилнинг январ-феврал ойларидаги Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга давлатлар рўйхатида Россия, Хитой ва Туркия етакчилик қилаётгани кўрсатилган. ТОП-10 рўйхатда Европа давлатлари йўқ, Ўзбекистондан эса асосий олтин сотиб олувчилар Европа давлатлари, хусусан, Швейцария ҳисобланади. Ўзбекистон феврал ойида олтин савдосини кескин оширди. Бунинг натижасида олтиннинг умумий экспорт ҳажмидаги улуши 57 фоизни ташкил қилди. Нима сабабдан Статқўмнинг статистикасида бундай нотўлиқликлар кузатилмоқда?” дея савол берди Kun.uz мухбири.
Статистика қўмитасининг Ташқи иқтисодий фаолият бошқармаси бошлиғи Ботир Эргашевга кўра, Ўзбекистондан олтин сотиб олган давлатлар буни ошкор қилишни хоҳламагани учун бу борадаги статистика Ўзбекистонда ҳам очиқланмайди.
“Олтин бозори тор доирадаги халқаро бозор ҳисобланади. Айнан ўша давлатга биз олтин экспорт қилгандан кейин халқаро амалиётда ҳам, халқаро тажрибада ҳам иккита ҳамкор давлатларнинг ташқи савдоси айни ҳолатда баланс бериши керак. Айнан бир давлатга биз экспортни амалга оширсак, ўз ўрнида, ўша давлат импортида бу ўз аксини топиши керак. Лекин экспорт олтинимизни айнан Швейцария учун экспорт қилаётганимиз йўқ, чунки бу халқаро бозор. Халқаро бозорда қайси мамлакат қанча миқдорда сотиб олганини олтин сотиб олган мамлакат ошкор этишни хоҳламайди. Ошкор этилмайди.
Статистик кўрсаткичларда бирор мамлакатни олсангиз ҳам, олтиннинг сотиб олинган ҳажмини кўрсатади, лекин айнан қайси мамлакатдан қанча сотиб олганини кўрсатмайди. Шунинг учун биз ҳамкор давлатлар қаторига Швейцарияни қўймаймиз. Ўринсиз, мантиқсиз бўлиб қолади. Худдики, Швецария биздан шунча олтин импорт қилгани кўриниб қолади. Аслида, Швейцария ўзига импорт қилаётгани йўқ. У орқали халқаро биржада олтин сотилади”, – деди статқўм масъули.
Аввалроқ, 2022 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 35,36 млрд долларни ташкил қилгани хабар қилинганди. Рақамлар ўтган бир ойда расмий захиралар 935 млн долларга ошганини кўрсатди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан бери 221,4 млн долларга ёки 0,6 фоизга ошган. Бунда олтин нархи йил бошидаги 1799,25 доллардан 1903,3 долларгача ўсишининг таъсири 1,1 млрд долларни ташкил қилади.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024
Ўзбекистоннинг ШҲТ бюджетидаги улуши маълум бўлди
23:53 / 30.09.2024
Озарбойжонда ўзбекистонлик ҳарбийлар иштирокида «Маҳорат-2024» қўмондонлик-штаб ўқувлари бошланди
19:53 / 16.09.2024