Visual Capitalist инфографикасида айрим мамлакатлар ва иқтисодиётлар 2025 йилда марказий банклар захираларида олтиннинг улуши бўйича таққосланган. Рейтинг World Gold Councilʼнинг 2025 йил декабр ҳолатидаги маълумотларига асосланган.

Рейтингнинг юқори поғоналарида асосан Ғарб иқтисодиётлари жойлашган. Тўртта мамлакатда марказий банк захираларининг қарийб 80 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келади. Нидерландия 72,9 фоизлик кўрсаткич билан биринчи бешликни якунлаган.

Бу ҳолат олтин миллий валюталарни таъминлаш воситаси сифатида аввалги мавқеини йўқотган бўлса-да, айрим ривожланган мамлакатлар расмий захираларининг асосий қисмини ҳамон ташкил этаётганини кўрсатади.



Хитойда 2 306 тонна олтин бор

Хитой мисоли олтин захирасининг мутлақ ҳажми мамлакат захиралари тузилиши ҳақида тўлиқ тасаввур бермаслигини кўрсатади. Чунки олтиннинг улуши нафақат мамлакат қанча қимматбаҳо металл сақлашига, балки унинг умумий халқаро захиралари қанчалик катта экани ва улар қандай активлардан ташкил топганига ҳам боғлиқ.

Хитой 2 306 тонна олтин захирасига эга. Бу келтирилган маълумотлар тўпламида бешинчи, жаҳон миқёсида эса олтиннинг мутлақ ҳажми бўйича олтинчи кўрсаткич сифатида қайд этилган.

Шунга қарамай, олтин Хитойнинг халқаро захираларида атиги 8,6 фоиз улушга эга. Захираларнинг асосий қисми хорижий валюта ва хорижий валютада ифодаланган бошқа активлардан ташкил топган.

Японияда ҳам вазият шунга яқин. Мамлакат 846 тонна олтин сақлайди, аммо унинг расмий захиралардаги улуши 8,7 фоизни ташкил қилади.

Ҳиндистонда эса олтиннинг аҳамияти юқорироқ. Мамлакат 880 тонна олтин захирасига эга бўлиб, қимматбаҳо металл унинг расмий захираларининг 17,7 фоизини ташкил этади.

Россияда 2 326 тонна олтин

Forbes Россия Марказий банки маълумотларига таяниб хабар беришича, 2025 йил декабрь ойи бошида Россиянинг олтин захиралари 2 326 тоннани ташкил этган.

Ушбу кўрсаткич бўйича Россия дунёда бешинчи ўринни эгаллаган. Демак, Россиядаги олтиннинг мутлақ ҳажми Хитойникидан бироз кўпроқ.