Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёдаги сайёр қабуллар давом этмоқда — ССВ
Бир ҳафта давомида қарийб 8200 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 95 та юқори технологик операциялар амалга оширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоятидаги сайёр тиббий қабуллари давом этмоқда. Ҳудудда мобиль поликлиникалар, маммография ва флюрография ускуналари ўрнатилган махсус автомашиналар аҳолига кун давомида тиббий хизмат кўрсатяпти.
Мазкур қабулларда иштирок этиб, мурожаати қондирилган беморлардан бири Худойберди Худойниёзов орқа мия ўсимтаси сабаб 1,5 йилдан буён ногиронлик аравачасига михланган эди.

“Орқа миямдаги ўсимта сабаб бир ярим йилдан бери аравачага михланиб қолгандим. Бошқалар ёрдамисиз юролмасанг, оғир экан. Бугун мутахассислар кўригидан сўнг пойтахтдаги Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказига йўлланма олдим. Яна ҳаётга ишончим ошди”,- дейди у.

Сайёр қабуллар давомида маълум бўлишича, беморларнинг кўпчилиги ўт қопи хасталиклари билан мурожаат қилишган. Шундай мурожаатчилардан бири 43 ёшли Наргиза Қодирова ҳам ўт қопида тош борлигидан азият чекади. Аммо чўл ҳудудида истиқомат қилиши сабабли касаллик хуруж қилганда тиббий пунктга етиб боришга қийналади.

Наргиза Қодирова Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилаётган сайёр қабуллар жараёнидаги тиббий кўрикда текширувлардан ўтиб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида даволаниш учун ордерга эга бўлганини айтади:
“Чўл ҳудудида яшаймиз, тиббий пунктимиз ҳам узоқда жойлашган. Кунларнинг бирида ўт қопимда кучли оғриқ турди. Шифокор етиб келгунича кўп қийналдим. Мутахассис менга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатди. Операция қилинмаса, ўт қопи ёрилиб кетиши мумкинлигини айтганидан сўнг кўнглимга ғулғула тушди. Бугун тиббий кўрикка келиб, текширувлардан ўтдим. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида даволанадиган бўлдим. Энди кўнглим хотиржам...”.

Тиббий кўрикда болалар саломатлигига ҳам эътибор қаратилди. Пойтахтдан борган мутахассислар барча бемор болаларни текширувдан ўтказиб, даволаниш учун Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида, Болалар миллий тиббиёт марказида даво муолажаларини олиш учун йўлланмалар берилди.

Қашқадарё вилоятида ўтаётган сайёр тиббий қабулларда бир ҳафта давомида қарийб 8200 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 1268 нафари оператив давога муҳтож деб топилиб, 544 нафари республика , 610 нафари вилоятда, 19 нафари туман даражасида операция қилиниши белгиланди. Шу кунга қадар 95 та юқори технологик операциялар муваффақиятли амалга оширилди.






Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати