Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистонда Имрон Хон ҳокимиятдан четлатилди. У Украинада уруш бошланиши арафасида Москвага борганди
Покистон парламенти бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилди ва уни лавозимидан четлатди. Тез орада Покистон ҳукуматига янги раҳбар тайинланади, журналистлар фикрича, бу лавозимни катта эҳтимол билан Покистон мусулмонлари лигаси етакчиси Шаҳбоз Шариф эгаллайди.
Айни вақтда 69 ёшда бўлган Имрон Хон - ўтмишда таниқли крикет ўйинчиси бўлган. У 1996 йилда «Теҳрик-и-Инсаф» партиясини тузгач, республикадаги энг машҳур сиёсатчилардан бирига айланди. У 2018 йилдан буён Покистонга бош вазирлик қилиб келаётганди. У коррупция устидан ғалаба қозониш ва мамлакатни иқтисодий инқироздан олиб чиқишни ваъда қилганди, аммо энди покистонликлар у ваъдаларини бажара олмади, деб ҳисобламоқда.
Хон бир неча бор мухолифатчи партиялар унинг ҳокимиятдан четлатилиши учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилаётганини айтганди. Хусусан, унинг Хитой ва Россия билан яхши муносабатларини маъқулламаган АҚШ уни ҳокимиятдан маҳрум этишга уринаётганини таъкидлаган. Америка ҳукумати буни асоссиз айблов деб ҳисоблайди, бош вазирнинг ўзи ҳам бу даъволари учун бирор ишончли далил келтирмаган.
Хон Россия билан яқин алоқалар ўрнатган. У 23 февраль куни, Украинадаги вазият туфайли Россиянинг Ғарб билан муносабатлари анча кескинлашган паллада Москвага ташрифини амалга оширганди. Унинг Россия пойтахтига сафарининг иккинчи куни эса Россия ҳарбийлари Украинага бостириб киришни ва Украина шаҳарларини ўққа тутишни бошлаган 24 февралга тўғри келганди.
Аввалроқ Имрон Хон АҚШнинг собиқ президентларидан кичик Жорж Бушни «террорга қарши уруши» учун қоралаганди.
Армия қўлламади
Хон Покистон тарихида парламент ишончсизлик билдириши ортидан ҳокимиятдан четлатилган илк бош вазир бўлди.
Овоз бериш жараёни бошланишидан олдинроқ у ўз истеъфосини тан олмаслиги, чунки бундан олдинроқ у парламентни тарқатиб юборганини айтган.
У 3 апрель куни, ўзини ҳокимиятдан четлатишга уринишлар бошланганида Миллий Ассамблеяни (парламент қуйи палатаси) тарқатиб юбориш таклифини берган ва президент тегишли қарорни имзолаганди. Хон бу қарорни мухолифатчи депутатлар бошқа давлатлар таъсири остида ишлаётгани, бу эса конституцияга зидлигини айтганди. Аммо мухолифатчилар Покистон Конституциявий судига мурожаат қилди, суд эса парламентнинг тарқатиб юборилишини ноқонуний деб топди.
«Бош вазирнинг президентга Миллий ассамблеяни тарқатиб юборишни маслаҳат беришга ҳаққи йўқ эди. Шу пайтгача қабул қилинган барча қарорлар бекор қилинди», дейилади суд қарорида.
Натижада шанба куни Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилиш учун овоз бериш жараёни ўтказилди.
Вотумга овоз беришни 342 депутатдан 174 нафари қўллаб-қувватлади — жараён 13 соатга яқин давом этди. Овоз берган мухолифатчилар Хонни мамлакатдаги иқтисодий вазиятни яхшилай олмаётганликда ва коррупцияда айблади.
Reuters хабарига кўра, Покистон мусулмон лигаси партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг янги бош вазири бўлиши кутилмоқда. У собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг укаси ҳисобланади.
Покистоннинг янги бош вазири ҳокимиятда 2023 йил октябрига қадар қолиши мумкин, ўшанда мамлакатда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилади.
BBC корреспонденти Искандар Кирмонийнинг хабар қилишича, кўплар Хон доимо мамлакат сиёсатига катта таъсир кўрсатиб келган Покистон армияси мададига таяниши мумкинлигини айтганди, аммо сўнгги вақтларда таҳлилчилар унинг ҳарбийлар билан муносабатлари бузилган, деган хулосага келишган.
Мавзуга оид
08:49 / 18.06.2026
Покистон: Эрон Ҳўрмуз бўғозини зудлик билан очади
09:05 / 13.06.2026
Покистон: АҚШ ва Эрон келишув матни бўйича келишиб олди
17:54 / 10.06.2026
Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди: 26 киши ҳалок бўлган
17:36 / 25.05.2026