Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 2020 йилдан бошлаб “Умумжаҳон пул ҳафталиги” (Global Money Week) таълим кампанияси мамлакат бўйлаб болалар ва ёшлар орасида кенг нишонланиб, бу йилги таълим тадбирлари “Ўз келажагингизни қуринг, пулларингиз билан тўғри муносабатда бўлинг” шиори остида ўтказилмоқда.

Хусусан, мактабларда апрель ойи давомида “Молиявий саводхонлик ойлиги” доирасида ўқитувчилар орасида “Молиявий саводхонлик бўйича энг яхши дарслар” кўрик-танлови ўтказилади. Танлов (https://t.me/finlituzb/1763) ғолиблари (ўқитувчилар) қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Шунингдек, мактабларнинг 5-11-синф ўқувчилари учун молиявий саводхонлик ва молиявий математика бўйича онлайн-тест ўтказилмоқда. Ушбу тадбир маълумотларини Finlit.uz (https://t.me/finlituzb) орқали батафсил билиб олинг.
Барча ҳудудларнинг “Ёшлар маркази”да ёшлар учун “Finlit.uz билан молиявий барқарорлик сари” (https://t.me/finlituzb/1797) маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Тадбир иштирокчилари жамғариш кўникмалари, масъулиятли қарз олиш тамойиллари, рақамли молиявий саводхонлик, суғурта хизматлари ва тадбиркорлик фаолияти асослари тўғрисида маслаҳат ва йўриқномаларни соҳа экспертларидан олиш имкониятига эга бўладилар.

Марказий банк ташаббуси билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Плеханова номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали, Молия институти ва ҳудудлардаги давлат университетлари билан ҳамкорликда талабалар ўртасида волонтёрлик лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида 300 нафар волонтёр талаба молиявий саводхонлик бўйича тренерликка тайёрланиб, мамлакатимизнинг ноиқтисодий таълим йўналишидаги 84 та олий таълим муассасасида тренинглар ташкил этмоқда.


















