Ўзбекистон | 09:53 / 15.04.2022
6211
2 дақиқада ўқилади

Москвада қурилиш компанияси 100 нафарга яқин ўзбекистонликнинг маошини ўз вақтида бермагани аниқланди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москва шаҳрида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг мурожаати юзасидан маълумот тақдим этди.

Фото: Миграция агентлиги

2022 йилнинг 4 февраль куни Москва шаҳрида жойлашган «Динамик Групп» компаниясида ишлаётган 100 нафарга яқин ўзбекистонликдан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига иш берувчи томонидан ойлик маоши ўз вақтида берилмаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, ушбу компанияга фуқаролар мустақил равишда ишга жойлашган. Иш берувчи вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида, 2021 йил декабрь ойи учун иш ҳақи тўлаб берилган ва 2022 йил январь ойи учун иш ҳақи март ойида тўлаб берилиши ҳақида ваъда олинган.

Фото: Миграция агентлиги

2022 йилнинг 16 март куни вазият қайта мониторинг қилинганда иш берувчи томонидан берилган ваъда бажарилмагани маълум бўлган. Шундан сўнг, ваколатхона томонидан иш берувчи ташкилот устидан Москва шаҳри Солнцево тумани бўйича туманлараро прокуратурасига мурожаат қилинган.

“Шу билан бирга, таъкидлаш жоиз, фуқароларнинг бир қисми ушбу ташкилотга меҳнат шартномаси тузилмасдан ишга жалб қилинган ва патент аванс тўлови учун банкдан микроқарз олган”, дейилади расмий маълумотда.

Фото: Миграция агентлиги

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда ҳамда ваколатхона томонидан “Роструд”, шаҳар прокуратураси, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш учун қўшимча маълумотлар тайёрланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид