Ўзбекистон | 18:55 / 18.04.2022
28291
3 дақиқада ўқилади

Боласини айиқ қафасига ташлаган она иши бўйича суд қарори эълон қилинди

Январ ойида Тошкент ҳайвонот боғида уч яшар қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёл устидан суд жараёни якунига етди. Суд аёл мазкур жиноятни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топди ва уни руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволанишга юборди.

Фото: Видеодан скриншот

18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган З. Тўлагановага тиббий йўсиндаги мажбурлов эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал қилишга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ўз ниҳоясига етди.

Эълон қилинган суд ажрими билан З. Тўлаганова ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилиб, унинг Тошкент республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлари шифохонасида мажбурий даволаниши белгиланди.

Қўшимча қилинишича, ажримдан норози томонлар 20 сутка муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судига хусусий шикоят ёки хусусий протест келтиришга ҳақли.

  • Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида ушбу аёл ўзининг 3 ёшли қизчасини тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборганди. Зузу лақабли Кавказ айиғи қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Ўшанда боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишганди.
  • Қизалоқда очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши аниқланган, бир муддатдан сўнг унинг аҳволи яхшиланган ва уйига жавоб берилганди.
  • Прокуратура томонидан аёлга нисбатан ЖКнинг 25-моддаси орқали 97-моддаси 2-қисми «в» банди (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда, яъни айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши очилди. Аёл психоневрологик диспансер рўйхатида тургани, оилада босимга учрагани ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлгани маълум бўлганди.
  • Март ойи охирида Бош прокуратура аёлга тегишли жиноят ишини унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни ҳал қилиш учун судга юборди. Аёл «умрбод руҳий хасталик билан бетобланиб келган», шу боис у тергов ва судда тўғри кўрсатмалар бериш қобилиятига эга эмас, деб маълум қилинди.

Мавзуга оид