2022 йил 18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида К.Раббимов ва Ш.Самандаровга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати.
Аниқланишича, 2022 йил 17 апрель куни К.Раббимов ва Ш.Самандаров Тошкент савдо маркази олдидаги жамоат жойида шовқин қилиб турган вақтда шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб, улар шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилганда, уларга қаршилик кўрсатиб, ички ишлар органлари ходимлари қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилишган.
К.Раббимов ва Ш.Самандаровнинг ҳаракатлари ишда мавжуд тўпланган далиллар, жабрланувчи З.Турсунов аризаси, гувоҳлар тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган, дейилмоқда хабарда.
Шунингдек, суд қарорига кўра:
К.Раббимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ш.Самандаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (270 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Ушбу қарор устидан К.Раббимов томонидан келтирилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 2022 йил 18 апрелдаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг К.Раббимовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилган. Апелляция шикояти қаноатлантирилиб, унга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, кеча оқшомда Камолиддин Раббимов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида икки марта пост қолдирди:
“Ассалому алайкум, қадрли дўстлар, менинг тақдиримга бефарқ бўлмаганингиз учун – барчангизга раҳмат. Ҳозир уйдаман. Ҳаммаси яхши. 17 апрель, соат 19:00 лар атрофида Чорсу бозори ёнида рейд бўлаётган эди, қонун устуворлигини шахсий талқинимда ўлчаб, ушбу вазиятга аралашган эдим. Лекин мен ИИВ ходимларининг ишларига аралашганим хато эканлигини тушунаман. Менга нисбатан, қонун моддаларига кўра, жарималар белгиланган, мен уларни ўз вақтида тўлаш ниятидаман. Қолган тафсилотларини кейинчалик билдиришга ҳаракат қиламан. Илтимос, бу ишни сиёсийлаштирмасликларингизни сўрайман. Бу ерда мен томонимдан йўл қўйилган хатолар мавжуд эди. Ҳаммага каттадан-катта раҳмат”.

















