Россия президенти Владимир Путин Мариуполдаги «Азовстал» заводини штурм қилишни тўхтатишга буйруқ берди. Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда у бу штурмни мақсадга мувофиқ эмас деб айтди. BBC рус хизмати бунинг сабабларини кўриб чиқди.
Россиялик ҳарбийлар бир неча ҳафтадан буён «Азовстал» металлургия комбинати ҳудудини эгаллашга уринмоқда, бу ерда шаҳар ҳимоячиларининг сўнгги қисми ва кўплаб тинч аҳоли вакиллари бор. Бу ерни бошпана қилганларнинг аниқ сони маълум эмас. Россия мудофаа вазирлиги баҳоларига кўра, ҳозирда «Азовстал» ҳудудида 2,5 минг киши бўлиб турибди. Россия ҳарбийлари бунда асирга тушган украин жангчиларининг маълумотларига асосланишмоқда.
Украина ҳукумати завод ҳудудида 1000 нафаргача тинч аҳоли вакиллари бўлиши мумкинлигини айтган. Бу рақам Украина вице-премьери Ирина Верешчук томонидан келтирилган. Мариупол мэри Вадим Бойченко қуршовда қолган тинч аҳоли вакиллари сони 300 нафардан 1000 нафаргача бўлиши мумкинлигини айтган. Бу рақамларни текширишнинг имкони йўқ.
Завод Кальмиус дарёси ва Азов денгизи соҳили ўртасидаги катта майдонни эгаллаган. Завод ўзининг юк ташилувчи портига ва кенг тармоқли ерости коммунал тизимига эга ҳисобланади.

Путин ва Шойгу нима ҳақда гаплашди

Путин билан учрашувда Шойгу Мариуполни «Азов» националистлари пойтахти» деб атади. У шаҳар назоратга олингани - фақат «Азовстал» корхонаси ҳудуди мустасно эканини маълум қилди. «У ерда украин жангарилари ва хорижлик ёлланма жангчилар қамалиб қолган», деган Шойгу.
Вазирнинг маълумотига кўра, завод ҳудудида 2,5 минг атрофида киши бор.
«Мен саноат зонасига ҳужумни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман, уни бекор қилишни буюраман. Ҳозир биз аскар ҳамда офицерларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишни ўйлашимиз керак бўлган вақт. Ушбу саноат объектлари остидаги катакомбаларга тушиб, эмаклаш керак эмас. Мазкур саноат зонасини ҳатто пашша ҳам учиб ўта олмайдиган қилиб, блоклаб қўйинг», деди Путин Шойгунинг Мариуполдаги вазият бўйича ҳисоботидан кейин.
Путин шунингдек таслим бўлган украин ҳарбийларининг жони омон қолишини кафолатлаган.
«Азовстал» қамалидан воз кечиш Путин томонидан рус ҳарбийларининг ҳаёти ва соғлиги ҳақида қайғуриш бўлиб кўринади, генераллар эса мудофаачиларнинг ишини имкон қадар тез вақт ичида якунлашга интилаётганди.













