Рамазоннинг сўнгги 10 кунига атаб Bayt Al Fann сайтида бутун жаҳондаги масжидларнинг шифтларига солинган мафтункор нақшлар сурати эълон қилинди.

Bayt Al Fann сайти (Байт-ул фанн арабчадан таржима қилинганда «Санъат уйи» маъносини беради) Исломий анъаналар билан боғлиқ архитектура, санъат, рассомчилик намуналарини ўрганувчи ва тарғиб этувчи, креаторлар учун глобал онлайн уй ҳисобланади.

Сайтнинг ёзишича, бу фотогалереяни тўплашдан мақсад — Рамазон ойининг сўнгги 10 кунида жаҳондаги кўплаб мусулмонлар тунларни масжидларда ибодат билан бедор ўтказишади. Масжидларнинг шифтларига, қуббаси ичига солинган нақшлар ва нақшинкор кошинлар оламнинг буюклигини акс эттиради.

Жоме масжиди. Андижон, Ўзбекистон.

Фото: baytalfann.com

Масжид қурилиши 1883 йилда бошланган ва 7 йил давом этган. Бетакрор ўймакор нақшларга эга ёғоч устунлар геометрик нақшлар ва наботот элементлари қоришмасидан иборат ёрқин безакларга эга шифтни тутиб турибди.

Шайх Лутфуллоҳ масжиди. Нақши Жаҳон майдони, Исфаҳон, Эрон

Фото: baytalfann.com

Масжид қурилиши 1603 йилда бошланган ва 1619 йилда тугатилган. Форс подшоҳи Аббос I даврида бош меъмор Муҳаммадризо Исфаҳоний томонидан қурилган. Қубба интерьерининг қизиқарли деталлари.

Жоме масжиди, Язд, Эрон

Фото: baytalfann.com

XIV асрда қурилган масжиддан ҳанузгача фойдаланилади. Илк марта у Оли Буйа шажарасидан Алоуддин Гаршасп даврида қурилган. 1324 ва 1365 йилларда жиддий тарзда қайта қурилган. Шифти гўёки саҳронинг юрагига элтувчи зинадек қурилган.