Москва «махсус амалиётнинг иккинчи фазаси» мақсадига аниқлик киритди

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони вазифасини бажарувчи Рустам Миннекаевнинг сўзларига кўра, «махсус амалиётнинг иккинчи фазаси» «бир неча кун олдин бошланган» унинг мақсади - Донбасс ва Жанубий Украина устидан тўлиқ назорат ўрнатиш, шунингдек Қримга қуруқлик орқали йўлак очилишини таъминлаш ҳисобланади.

Бунгача Россия ҳукумати амалиётдан мақсад Донецк ва Луганск областлари устидан тўлиқ назорат ўрнатиш эканини айтганди, шу вақтгача «Жанубий Украина» формулировкаси тилга олинмаганди.

Миннекаев Украина жанубида назорат ўрнатиш - «русийзабон аҳолига зулм қилиш фактлари мавжуд бўлган» Днестрбўйига чиқиш имконини беришини таъкидлади.

«Украина жануби устидан назорат ўрнатиш — рус тилли аҳолига зулм ўтказилаётган яна бир ҳудуд бўлмиш Днестрбўйига чиқиш йўли бўлади. Афтидан, биз ҳозирда бутун дунёга қарши уришяпмиз, Улуғ ватан урушида бўлгани каби бутун Европа, бутун дунё бизга қарши. Улар ҳеч қачон Россияни ёқтирмаган, ҳозир ҳам шундай», деган генерал.

Россия армияси Украина шарқида зарба бериш учун ҳудудларни танламоқда

Украина мудофаа вазирлиги вакили Александр Мотузяник Россия қуролли кучлари ҳозирда Украина қуролли кучларига зарба бериш учун нисбатан қулай жойларни танламоқда.

«Россия армияси раҳбарияти асосий зарбаларни бериш учун қулай жойларни аниқлаштириш жараёнини якунламоқда. Ўт очиш услублари, жанговар тузилмалар жойлашуви, рақиб ҳарбийларининг ташилиши, шунингдек алоҳида йўналишларда тўхтовсиз ҳужум ҳаракатлари ҳам шундан дарак бермоқда», деган Мотузяник.

Жонсон: Украинадаги уруш кейинги йил охиригача давом этиши мумкин

Борис Жонсон Деҳлида Нарендра Моди билан учрашди / Reuters

Британия бош вазири Борис Жонсон Ҳиндистонга ташрифи вақтида Украина арсеналини тўлдириш мақсадида ўз захираларидаги оғир қуролларни жўнатиши режаси ҳақида гапирди. У Варшава Киевга жўнатаётган Т-72 танклари эвазига, Польшага британларнинг «Челленжер» русумли танклари юборилишини ваъда қилди.

Жонсон шунингдек Ғарб разведкасининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар кейинги йил охиригача чўзилиши мумкинлиги ҳақидаги хулосаларига қўшилишини билдирган.