Самарқандда 460 миллион сўмлик тендерда яқин қариндошларга тегишли корхоналар қатнашгани маълум бўлди
Самарқанд шаҳар хокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси харид комиссияси томонидан ўтказилган танлов савдосида қонунларга зид равишда яқин қариндошлар қатнашган. Улар ўзаро келишиб, 1 миллион сўмлик фарқ билан нарх кўрсатиб, бири савдода ғолиб топилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси муносабатида маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Қўмита томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси расмий сайтига Самарқанд шаҳри, “Шарқ Тонги” МФЙ Ойбек кўчасини жорий таъмирлаш бўйича давлат харидлари 2022 йил 4 апрелда 64344-лот билан бошланғич қиймати 464 миллион 73 минг сўм бўлган эълон жойлаштирилган.
Мазкур эълон асосида 2022 йил 11 апрелда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси харид комиссияси томонидан ўтказилган танлов савдосида “Жавоҳир таъмир қурилиш” МЧЖ ва “Тех нур кафолат” МЧЖларнинг тижорат таклифлари кўриб чиқилиб, “Жавоҳир таъмир қурилиш” МЧЖ 463 миллион 73 минг сўмлик тижорат таклифи билан тендер ғолиби деб топилган.
Қўмита суриштирувида, танлов комиссияси томонидан уни ўтказиш жараёнида очиқ маълумотлардан фойдаланилмагани ва тақдим этилган ҳужжатлар таҳлил қилинмаганлиги натижасида “Жавоҳир таъмир қурилиш” МЧЖ ва “Тех нур кафолат” МЧЖларнинг ўзаро аффилланганлик ҳолатига эътибор қаратилмагани аниқланган. Яъни Шоҳжаҳон Мамадалиев Ўткир ўғлига тегишли “Тех нур кафолат” МЧЖ “Жавоҳир таъмир қурилиш” МЧЖ раҳбари Жасур Имомқул Мамадалиевичнинг жияни эканлигига эътибор қаратилмаган ва танлов савдоларидан четлаштирилмаган.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида иштирокчи ва унинг аффилланган шахси электрон дўкон, аукцион, энг яхши таклифларни танлаш ва тендер бўйича айни битта лотда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслиги, 40-моддасида нархларни ёки иштирокчиларни саралаш натижаларини бузиб кўрсатиш мақсадида иштирокчиларнинг олдиндан тил бириктиришига йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлса-да, аффилланганлик аломатлари мавжуд шахслар тил бириктириш йўли билан танловда иштирок этган.
Жумладан, буюртмачи томонидан иштирокчилар тақдим этган таклифлар “Тех нур кафолат” МЧЖ 464 миллион 73 минг сўм (буюртмачининг бошланғич нархига тенг) ҳамда “Жавоҳир таъмир қурилиш” МЧЖ 463 миллион 73 минг сўм (буюртмачининг бошланғич нархдан 1 миллион сўм кам ) эканлигига, мазкур танлов жараёнида иштирокчилар ўртасида олдиндан ўзаро келишиб олинганлик аломатларига эътибор қаратилмаган.
“Қўмита томонидан ўрганиш давомида мазкур қонунбузилиш ҳолати ижтимоий тармоқларда тарқалган куни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси харид комиссиясининг 2022 йил 12 апрелда ўтказилган йиғилиш баённомаси билан 64344-лот бўйича ўтказилган танлов савдоси натижалари бекор қилингани ва ушбу танлов натижаларида шартнома имзоланмаганлиги аниқланди”, дейилади муносабатда.
Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида танлов (тендер) савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар тақиқланиши, монополияга қарши талабларнинг бузилиши танлов (тендер) савдоларининг қарорларини ва шу савдолар натижалари бўйича тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши белгиланган.
Мавзуга оид
18:40 / 18.09.2024
Урганч давлат университети томонидан ўтказилган тендерда қонунбузилиши аниқланди
12:49 / 26.07.2024
Республика “ГАИ”нинг 26,5 млрд сўмлик тендерида қонунбузилиш ҳолати аниқланди
22:06 / 12.01.2024
Давлат хариди қонунчилигини бузган 500 га яқин мансабдор шахс жавобгарликка тортилди
15:34 / 28.10.2023