Украина томонининг баёнотлари

Украина президенти Володимир Зеленский одатдагидек тунги мурожаат билан чиқиш қилди. Зеленскийга кўра, Россия Украинага қарши урушда ҳеч нарсага эриша олмайди.

Фото:  president.gov.ua

«Икки ой ичида улар бизга қарши 1100 тадан ортиқ ракеталар ишлатишди. Авиабомбалар ва артиллерия зарбаларининг саноғи йўқ. Улар одамларни қийнашди, талашди, отишди. Улар заминимизни миналаштиришди. Тинч шаҳар ва қишлоқларни жаҳаннамга айлантиришди. Айрим украин шаҳарлари ва қишлоқларини ер билан битта қилишди. Лекин ҳеч нарсага эриша олишмади ва эриша олишмайди ҳам», — деган Зеленский.

Зеленскийга кўра, рус ҳарбийлари вақтинча бостириб кирган Херсон, Каховка, Мелитопол, Днепрорудное, Энергодар ва бошқа шаҳарлар уларга бўйин эгмаган. «Одамлар ўзининг норозилиги билан, уларга муносабати билан Украина албатта ғолиб чиқишини кўрсатиб қўйишди», — деган Зеленский.

«Россия бизнинг тупроғимизда ясама «референдум» ўтказмоқчи? Агар бунга уринишса ҳам, бу ҳам Москвада Украинани оккупация қилиш учун тузган барча режалари каби шармандали бўлади», — деган Зеленский.

Президентга кўра, икки ойлик жанговар ҳаракатларда Украинанинг 9781 ҳимоячиси давлат мукофотлари билан тақдирланган. 142 кишига Украина қаҳрамони унвони берилган.

«Украиналиклар давлатни ҳимоялашга оммавий тайёрлигини намойиш этишди. Турли ёш, турли ижтимоий аҳвол, турли маълумотдаги украиналикларнинг барчаси бирдек давлат ҳимояси учун қад ростлади.

Бу уруш Украина учун чинакам халқ уруши бўлди. Шарқдан ғарбгача, шимолдан жанубгача Украина ғояси барибир кучли, барибир халқона эканлигини кўрсатиб берди», — деган Зеленский.