Ўзбекистон | 12:44 / 29.04.2022
6070
2 дақиқада ўқилади

“Самарасиз ва алоҳида шахсларга берилган солиқ имтиёзларини бекор қиламиз” – Солиқ қўмитаси масъули имтиёзлар ҳақида

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев эксклюзив – алоҳида шахсларга берилган имтиёз Солиқ қўмитаси биринчи эътибор қаратадиган масаласи экани ҳақида гапирди. Бу борада алоҳида Вазирлар Маҳкамаси қарори тайёрланган.

Фото: Kun.uz

Давлат солиқ қўмитаси 2022 йилда самарасиз имтиёзларни бекор қилмоқчи. Бу ҳақда 29 апрел куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ДСҚ раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев маълум қилди.

“Биринчи эътибор қаратадиган асосий йўналишимиз – самарасиз имтиёзларни бекор қилиш. Ёки эксклюзив деймиз, қайсидир бир шахсга нисбатан индивидуал берилган имтиёзларни бекор қиламиз”, – деди у.

ДСҚ масъулининг таъкидлашича, Солиқ қўмитаси ҳақиқатан имтиёз керак бўладиган бўлса, қайсидир бир соҳага ижтимоий нуқтайи назардан қўлланиб, бутун бир соҳага берилиши назарда тутилган чора-тадбирини белгилаб қўйган. 

Қўмита департамент бошлиғи Йигитали Нарзиев Kun.uz билан суҳбатда бу борада 2022 йилда аниқ ишлар амалга оширилишини айтди.

“Янги Cолиқ кодекси қабул қилингунга қадар берилган солиқ имтиёзлари бор, ўшаларга алоҳида ҳуқуқлар, эксклюзив ҳуқуқлар берилган. Биз ўшаларнинг ҳаммасини бекор қиламиз. Аниқ вақти бор: бир қисми Президентнинг 101-сонли қарори билан бекор бўлди, қолган қисми бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори тайёрланган. Бунда Солиқ кодекси қабул қилингунга қадар барча имтиёзлар бекор қилиниши кўзда тутилган. Бу 2022 йилнинг ўзида амалга ошиши кутилмоқда”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда 8та солиқ тури бўйича суммаси 42,1 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари берилган, шу жумладан имтиёзлар Солиқ кодексига мувофиқ – 33,0 трлн сўмни (78,4 фоиз) ташкил қилган.

Аввалроқ, Kun.uz солиқ имтиёзлари борасида очиқланаётган маълумотлар етарли эмаслиги борасида таҳлилий мақола эълон қилганди.

Мавзуга оид