14:55 / 30.04.2022
16532

Қўшнилар билан автобус қатновлари тикланди. Автовокзалдан репортаж

2 йиллик ковид-танаффусдан кейин, апрел ойида Ўзбекистондан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновлари тикланди. Илк кунларданоқ ерусти қатновига талаб етарлича экани маълум бўлди. Турган гапки, авиапарвозлар ва ҳали тикланмаган темирйўл қатновига муқобил автобус рейслари арзонроқлиги билан ажралиб туради. Kun.uz мухбири Тошкент автовокзалидан махсус репортаж тайёрлади.

Даставвал энг муҳим маълумот – рейслар жадвали ва нархлар билан таништириб ўтсак (айримлар рейслар ҳар куни, айримлари ҳафтанинг маълум кунларида амалга оширилади):

  • 12:00 | Тошкент – Чимкент (чипта нархи 60 000 сўм))
  • 16:00 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)
  • 17:00 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)
  • 18:00 | Тошкент – Нур-Султон (чипта нархи 350 000 сўм)
  • 18:00 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)
  • 18:00 | Тошкент – Хўжанд (чипта нархи 100 000 сўм)
  • 18:00 | Тошкент – Бишкек (чипта нархи 250 минг сўм)
  • 19:00 | Тошкент – Туркистон (чипта нархи 100 000 сўм)
  • 19:00 | Тошкент – Қизилўрда (чипта нархи 200 000 сўм)
  • 19:00 | Тошкент – Бишкек (чипта нархи 250 минг сўм)
  • 19:30 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)

Россияга автоқатновлар ҳозирча тикланмаган. Айни пайтда Тошкент автовокзалидан 13та маҳаллий йўналишда ҳам автобус қатнамоқда.

Шунингдек, Қўқон– Хўжанд, Термиз – Душанбе ва Нукус – Олмаота йўналишларида автобус қатновлари ҳам тикланган. Денов – Душанбе ва Самарқанд – Панжикент йўналишларида тажриба-синов тариқасида қатновлар йўлга қўйилган.

Айрим рейслар ҳар куни, баъзилари ҳафтанинг маълум кунларида амалга оширилади. Тошкентдан йўлга чиқадиган рейслар, чипталар нархи ва бошқа саволлар юзасидан автовокзалнинг маълумот бўлимига қўнғироқ қилиш мумкин: (71) 207-87-00.

Автобус қатновлари орқали чегарадан ўтиш вақтида йўловчилардан манфий ПЗР тести ёки ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлиш талаб этилади. Коронавирусга тестни автовокзалнинг ўзида топшириш ва қисқа вақт ичида жавобини олиш мумкин.

Реконструкциядан сўнг 2019 йилда ишга туширилган автовокзалда намозхона, она-бола хонаси, конференц-зал, табло ва информаторлар, озиқ-овқат дўкони, буфет ишлаб турибди.

Биз автовокзал менежери, Тошкент-Чимкент йўналиши ҳайдовчиси ва майдон назоратчиси билан суҳбатлашиб, автовокзалдаги шароитлар, рейслар, чегарадан ўтиш масалалари ва бошқа мавзуларда маълумот олдик. Бу ҳақда видео орқали маълумот олишингиз мумкин.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири

Top