Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 29 апрель куни эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Йиғилишда аҳолининг деярли барча эҳтиёжманд қатламлари ва гуруҳларига тўхталиб ўтилди. Хусусан, эҳтиёжманд ёшлар, етим ва ногирон болалар муаммосига ҳам.
Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ривожига эътибор қаратадиган бўлсак, борган сари собиқ иттифоқ тизимидан қолган эскилик сарқитларидан қутулиб, ривожланган давлат иш услубига яқинлашиб борилаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Хусусан, боқувчисини йўқотган болалар билан ишлаш тизимида ҳам шундай.
Табиатан болажон халқ бўлган ўзбекларда болалар уйлари (Детдом) деган тушунча мавжуд бўлмаган. ХХ асрнинг бошларидаги фуқаролар уруши даврида пайдо бўлган маълум миқдордаги етим ва дайди болаларни тарбиялаш мақсадида дастлабки шунақа муассасалар ташкил қилинган.
Кейинчалик, иккинчи жаҳон уруши пайтидаги эвакуация сабабли бундай муассасалар сони кескин ошган. 1941 йилда Ўзбекистондаги болалар уйлари 40 та бўлиб, 7166 нафар бола тарбияланган бўлса, 1945 йил охирида республикада 267 та болалар уйи мавжуд бўлиб, уларда 30 792 нафар бола тарбияланган. Албатта, ушбу даврда оилаларга олинган болалар сони ҳам жуда кўп бўлган, бироқ статистика айнан ушбу даврда мамлакатда болалар уйлари сони айнан ушбу даврда кескин ошганини кўрсатади.
Кейинги даврларда бу кўрсаткичлар мунтазам тушиб келди. Охирги йилларда мамлакатимизда 18 та Меҳрибонлик уйлари, 4 та болалар шаҳарчалари, 3 та SOS-болалар маҳаллари, 1 та оилавий болалар уйлари фаолият юритиб келаётган эди. Социологияда бунақа муассасалар «институтлашган» деган сўз билан аталади ва бу муассасада тарбияланаётган болалар оилалардаги болалардан кескин фарқланади. Улар ўзларига хизмат кўрсатишнинг оддий шаклларини ҳам билмайди. Содда қилиб айтганда, менинг 6-7 ёшли болам дўконга чиқиб, нон сотиб олиб кела олади ва «дўкончи опа» берган қайтимни санаб олишни ҳам билади, керак бўлса, сўраб олади. 10-12 ёшли ўғлим ер ағдариб дарахт экиш ёки қўй боқишни ва шу орқали келгусида ўзини боқишнинг бирламчи кўникмаларини ҳосил қилиб боради.
Институтлашган муассасаларда эса бунақа нарсалар ўргатилмайди, болаларнинг кийимлари ювилган, дазмолланган, тайёр бўлади. Ҳатто ошхонада овқати ва чойи столда тайёр кутиб турган бўлади. Энди бунақа муассасада тарбияланган ва вояга етиб, катта ҳаётга қадам қўйган болаларнинг ҳолатини тасаввур қилинг (сўнгги 10 йилда «Меҳрибонлик уйлари» ва «Болалар шаҳарчалари»ни уй-жойга муҳтож 1 минг 188 нафар битирувчиларидан 610 нафарига ёки 51 фоизига уй-жой ажратилган. Шунингдек, «Меҳрибонлик уйлари» битирувчиларининг атиги 1,6 минг нафари ёки 64 фоизи иш билан таъминланган). Аксарияти ҳаётий кўникмалари йўқлиги сабабли ўзлари қонунбузар ёки қонунбузувчилар қўлида қўғирчоққа айланиб қолар эди.
















