Bloomberg агентлиги Европа расмийларига таяниб хабар беришича, Россия президенти Владимир Путин қиш ойларида Украинага қарши ҳужумларни фаоллаштиришни режалаштирмоқда.
Агентлик манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакиллари ўтган дам олиш кунлари Москва ва Киевда ўтказган музокараларда сезиларли натижага эриша олмаган.
Манбалардан бирининг айтишича, Путин 18–20 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган Россия Давлат думаси сайловлари арафасида АҚШ вакилларининг ташрифидан куч намойиши сифатида фойдаланган. Bloomberg қайд этишича, Россия раҳбари Америка делегацияси билан Кремлда учрашишдан олдин уларни кечгача куттирган.
Шу билан бирга, АҚШ ва Европа иттифоқчилари билан мулоқот миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар даражасида давом эттирилиши кутилмоқда. Украина президенти Владимир Зеленский Киев кузда Вашингтон ва Москва иштирокида навбатдаги уч томонлама музокараларни ўтказишни исташини билдирган.
Айни пайтда, Bloomberg маълумотига кўра, Москва эҳтимолий келишув доирасида Украинанинг бутун Донецк вилояти устидан назорат ўрнатиш талабини илгари суришда давом этмоқда.
Агентлик суҳбатдошларидан бири Россиянинг яқин олти ойлик режаси Украинанинг энергетика ва иссиқлик таъминоти инфратузилмасига зарбаларни кучайтиришни назарда тутишини айтган. Шунингдек, Европада Киевга кўрсатилаётган ёрдамни заифлаштириш мақсадида гибрид ҳужумлар ва сиёсий аралашувларни фаоллаштириш режаси ҳам борлиги айтилмоқда.
Манбага кўра, Путин келаси йил баҳорига бориб Россия учун янада қулайроқ позицияга эришишга умид қилмоқда. Шу билан бирга, у тобора кўпроқ қийинчиликларга дуч келаётган Россия иқтисодиётини барқарор ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Bloombergʼнинг яна бир манбаси жиддий музокаралар камида келаси йилгача бошланиши эҳтимоли пастлигини билдирган.
Украина иттифоқчилари эса Киевни ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етказиб беришни устувор вазифага айлантириши керак, деб ҳисобламоқда. Европа давлатлари НАТОнинг Украина эҳтиёжларини устувор таъминлаш рўйхати — PURL ташаббуси доирасидаги маблағларни Украина учун тутиб қолувчи ракеталар харид қилишга йўналтиришни режалаштирмоқда.
8 сентябр куни Украина мудофааси бўйича Контакт гуруҳи йиғилишида Пентагоннинг сиёсий масалалар бўйича раҳбари ўринбосари Элбриж Колби иттифоқчилар узоқ давом этадиган можарога тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг эҳтиёжлари яқин ойлар ва йилларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.
















