18:15 / 05.05.2022
6782

Шаҳарларда тез ёрдамнинг кечикишлари 5 йил ичида 10 бараварга қисқаргани маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

“Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларимизни одамлар, биринчи навбатда, тез тиббий ва шошилинч ёрдамда бўлган ўзгаришларни кўргандагина ҳис қилади.

Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда “олтин соат” оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи бўғин, албатта, тез тиббий ва шошилинч ёрдам ҳисобланади.

Айтиш жоизки, ушбу соҳа умуман эътибордан четда қолиб кетган эди.

Мана, сўнгги беш йилда ушбу ҳаётий муҳим соҳаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича катта ишларни бошладик”, деди президент сўзининг аввалида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, бу даврда:

  • 2 224 та янги тез ёрдам машиналари олиб берилган ёки транспорт паркининг 80 фоизи янгиланган;
  • замонавий реанимация машиналари сони 24 тадан 435 тага кўпайтирилган;
  • битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари 20 тадан 45 тагача оширилган;
  • вилоят тез ёрдам марказларида 40 дан зиёд юқори технологик операциялар йўлга қўйилган.

Шунингдек, тез ёрдам подстанциялари сони 800 тадан 1 666 тага, тиббий ёрдам бригадалари эса 1 890 тадан 2 695 тага етказилган; натижада тез ёрдамнинг кечикишлари шаҳарларда 10 бараварга қисқарган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳудудларда 21 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилган (йил якунига қадар марказлар сони 35 тага етказилади).

Масалан, “Қамчиқ” довонидаги автоҳалокатларда оғир тан жароҳати олган беморлар олдинлари 100 километр масофани босиб, Тошкент ва Наманган шаҳридаги шошилинч марказларга олиб борилган.

Ангрен шаҳри ва Поп туманида очилган марказлар ҳисобига ўтган 3 ойнинг ўзида бош мияда 80 га яқин шошилинч мураккаб операциялар ўтказилган.

Ёки Қўрғонтепа туманида ташкил этилган марказда ўткир юрак қон-томир касалликлари бўйича 68 нафар беморга шошилинч операциялар ўтказилиб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Олдинлари бу операциялар фақат Андижон шаҳрида бўлган.

Қайд этилишича, Шаҳрисабз, Касби, Сирдарё туманларида бундай марказларни ташкил этиш ишлари суст кечмоқда.

Top