Москванинг ядро қуроли борасидаги дипломатик таҳдидлари кор қилмаган кўринади, чунки аввал Украинага фақат ҳимояланишга имкон берувчи қурол етказилган бўлса, энди ҳужумкор қурол беришга ўтишди. Масалан, уруш бошида Украинага қурол беришдан тийилган Германия танклар етказиб бермоқчи.
Америкалик сиёсатчилар Украинага ҳар қанақасига ёрдам бераётгани ҳақида очиқ гапирмоқда. BBC билан суҳбатда бўлган экспертларнинг фикрича, Ғарб Россиянинг таҳдидларидан чўчимаётган бўлса-да, ҳамон НАТО ва Россия ўртасидаги тўғридан тўғри тўқнашув содир бўлишини истамайди.
«Уруш Ғарб ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик»
АҚШ маҳаллий телеканаллари Россиянинг «Москва» крайсери украин ҳарбийлари томонидан АҚШ разведкаси тақдим этган маълумотлар ёрдамида чўктирилгани ҳақида хабар тарқатди. Кейинроқ Украина россиялик генералларни ҳам АҚШ тақдим этаётган разведка маълумотлари ёрдамида йўқ қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
АҚШ томони Украинага разведка маълумотлари бераётганини яширгани ҳам йўқ. Володимир Зеленский ҳам мамлакат разведкаси ғарблик ҳамкасблари билан биргаликда ишлаётганини айтди. Бундай хабарлар тарқалаётган бир вақтда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда Пентагон раҳбари Ллойд Остин Киевга борди. Америкалик икки юқори лавозимли мансабдор Украина урушда ғалаба қозона олишини айтди. АҚШ қуролли кучлари бирлашган штаби раҳбари Марк Милли ҳам Украина кучли, мустақил ва ҳамма ҳудудини тўлиқ назорат қила оладиган давлат бўлишини исташини айтди.
Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс қироллик Киевга босиб олинган ерларини қайтаришда ёрдам беришини айтди.
BBC билан суҳбатда бўлган Британия қуролли кучлари бирлашган қўмондонлиги собиқ раҳбари сэр Ричард Барронснинг айтишича, НАТОга аъзо давлатларнинг ўзини тутиши чиндан ўзгарган.
«Украинани қўллаш кучайтирилди. Аммо Россия ва НАТО ўртасида уруш чиқармайдиган даражада. Уруш Украина ва Россия ўртасида кечмоқда, тўқнашув эса Ғарб ва Россия ўртасида», дейди BBC билан суҳбатда генерал Барронс.
Уруш бошланишидан аввал АҚШ ва Британия етакчилари Россияни жиддий оқибатлардан огоҳлантирган эди. Бу эса мамлакатга қарши кескин иқтисодий санкциялар ва Украинага Россия босқинини секинлаштириш имконини берадиган мудофаа қуролларини етказиб бериш дегани эди. Сэр Ричард Барронс бундай ёндашувни тўғри деб ҳисоблайди, аммо унинг фикрича, НАТО давлатлари Россия Украинага бостириб кирмаслиги учун етарлича ҳаракат қилмаган, Россия босқинни амалга оширгач эса НАТО давлатлари тўғри ҳаракатларни амалга оширган.



















