«Сизни қачондир ўзбекларнинг наҳорги ошига таклиф қилишганми? Миржалол Қосимов шарофати билан Тошкентда шундай ажойиб тўй маросимида иштирок этишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистонда наҳор ошини эрталабки 5 ёки 6да ейишади. Ўз вақтида жаҳонга машҳур Ривалдони ҳам наҳор ошига таклиф қилишган. Ва сиз бундай имкониятни қўлдан бой беришни истамаслигингиз аниқ.  

Мени бироз кечроқ бўладиган ошга таклиф қилишди. Эрталаб соат 11:00да, тахминан 300 кишилик залда, фақат эркаклар жам бўлишади. Тахминан, 10 кишига мўлжалланган столга официантлар ош солинган лаганларни олиб келишади ва кейин столда бирга ўтирган меҳмонларнинг энг кичиги ишга тушади – бу ҳам миллий анъана. Дастурхонда бир дона ҳам гуруч қолмагунича ҳеч ким ўрнидан қўзғалмайди. Айтганча, палов жуда ҳам мазали эди.  

1995 йилги «Спартак-Алания»нинг асосий яримҳимоячиси, чемпионлик мавсумида 10та гол уришга эришган Миржалол Қосимов ҳозирда Ўзбекистоннинг энг кучли мураббийларидан бирига айланган. У «Бунёдкор» билан 3 марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритди, 2 марта Осиё Чемпионлар Лигаси яримфиналига чиққан. Аммо булар Қосимовни заррача ҳам ўзгартирмаган. Унинг футболчилик ва мураббийлик фаолиятидаги яқин ҳамкасби ва дўсти Игорь Шквирин Миржалол билан муносабатлари аввалгидек сақланиб қолганини гапириб берди. Наҳорги ошга боришимиздан уч кун аввал Қосимов билан хушбўй ўзбек чойини ичиб, бамайлихотир суҳбатлашдик. У суҳбатимизни ҳазиллар билан қизитиб турди. Бошқа давлат, мисол учун, Россияга бориб мураббийлик қилиб кўриш истаги ҳақида сўраганимда, ватанида ишлашни ҳеч нарсага алишмаслигини айтди.

«Пеле билан кўришгач, энди қўлимни ювмайман дегандим...» 

 — Ўзбек футболи тарихи музейида Пеле ва унинг ёнида СССР ёзувли футболкада турган расмингизни кўрдим...

 — Бу 1987 йилда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Нигерия устидан ғалаба қозонганимизда олинган сурат. Ўйин олдидан расмга тушгандик. Шунчаки саломлашдик, ўшанда энди қўлимни ювмайман, деб ҳазиллашгандим. Улар эса ишонишди. Яна бир расмда мен жамоа сардори сифатида кубокни кўтараётганим тасвирланган ва менинг ёнимда ўша вақтдаги УЕФА президенти Жоао Авеланж ҳамда турнир ҳомийларидан бўлган бир япон турганди.  

— Ўша мусобақа яримфиналида Кот-Д’ивуарга бурчак зарбасидан гол урганмисиз?

 — Шундай бўлганди. Яна бир голни жарима зарбасидан йўллагандим, 5:1 ҳисобида ютгандик. Жуда иноқ жамоа эдик. Майдонга тушиб, болалардек завқ олардик. Жавобгарлик ҳисси бор эди, аммо бу бизга босим бермасди. Ҳужумда ўйнаган Юра Никифоров мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлганини яхши эслайман.