2022 йил 1 июндан бошлаб маҳаллаларда маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган қуйидаги вазифаларни амалга оширишни назарда тутувчи хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилади:
ишсиз, айниқса қишлоқ жойларда бола тарбияси билан уйда ўтириб қолган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик каби йўналишларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш;
хотин-қизлар бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, маҳаллалар географик жойлашуви, аҳоли сони ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўсиш нуқталарини инобатга олган ҳолда, тегишли касбларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатишни ташкил этиб, уларнинг келгусида ўзлаштирган касблари бўйича тадбиркорлик фаолиятини бошлашига ва уни ривожлантиришига кўмаклашиш;
хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида уларни кенг хабардор қилиш мақсадида зарур маълумот ва тавсиялар бериб бориш;
хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида фитнес, шейпинг каби соғломлаштиришга мўлжалланган хизмат кўрсатиш фаолиятини эҳтиёжманд хотин-қизлар учун бепул йўлга қўйиш;
соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хотин-қизлар тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатларини тиббиёт профилактикаси билан биргаликда йўлга қўйиш.
Белгилаб қўйилишича:
марказларга маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини барпо этиш, марказларга давлат гранти ажратиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом асосида давлат гранти ажратилади;
марказлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан барпо этилади;
марказлар маҳаллалар томонидан тикувчилик, қандолатчилик, фитнес, шейпинг, хотин-қизларни касбга ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага берилади.
Марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:
давлат бюджетидан Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси орқали ажратиладиган грантлар;







