15:46 / 14.05.2022
8568

Ўзбекистонда илк марта беморларга «аллергик паспорт» берилди

Беморларга «Аллергик сезувчанлик паспорти» Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан берилган. Бундай паспорт ҳозирча 5 нафар даволанувчига тақдим этилган.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

12 май куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Халқаро «Астма ва аллергия-2022» конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда вазирлик. Тадбир давомида Ўзбекистонда илк марта 5 нафар даволанувчи беморларга «Аллергик сезувчанлик паспорти» топширилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология марказида замонавий ALEX-2 аллергик мультиплекс чиплари асосида 282та аллергенларга сезгирлик текширувлари бепул йўлга қўйилган. Ўтган бир йилда, 1 021 нафар беморда аллергочип усулида аллергияга таъсирчанлиги ўрганилди.

Вазирлик ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, «Аллергик сезувчанлик паспорти» Ўзбекистонда илк марта тадқиқот дастури доирасида тақдим этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги бундай паспортларни кенг оммага тақдим этиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда.

Маълумот учун, 2018 йилда президентнинг тегишли қарорида республика аҳолисининг «аллергик паспорти»ни ишлаб чиқиш белгиланганди ва буни ишлаб чиқиш Халқаро молекуляр аллергология марказига юклатилган.

Top