Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга киришига эътироз билдирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз позициясини шундай изоҳлади: «Скандинавия давлатлари террорчилик ташкилотлари учун худди меҳмон уйидек».
Туркия Швеция ва Финландиянинг Шимолий Атлантика альянсига киришига қарши чиққан НАТОнинг биринчи аъзоси бўлди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 13 май, жума куни Истанбулда бу икки давлатнинг қабул қилиниши ҳақида «ижобий фикр»га эга эмаслигини айтди. Стокҳолм ва Ҳелсинки Туркия вакиллари билан музокаралар бошланганини эълон қилди. АҚШ ҳам четда қолмади. Айни пайтда, Россия Финландияга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмоқда.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, у Грециянинг НАТОга аъзо бўлган пайтдагидек «хатолар»га йўл қўйилишини истамайди. Туркия ва Греция муносабатлари мураккаб ҳисобланади ва бу ҳатто Шимолий Атлантика альянсига қўшма аъзоликдан кейин ҳам ўзгармади.
«Скандинавия давлатлари террорчилик ташкилотлари учун меҳмон уйига ўхшайди», - дея Эрдўған ўз позициясига изоҳ берди.
Туркия узоқ вақтдан бери Скандинавия мамлакатларини, хусусан, кўплаб турк муҳожирлари яшайдиган Швецияни экстремистик курд гуруҳлари, шунингдек, Эрдўған Туркиядаги исён ташкилотчиси деб эълон қилган, АҚШда истиқомат қилувчи турк ёзувчиси, ислом уламоси ва воиз Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларига бошпана берганликда айблаб келади.
12 май куни расмий Ҳелсинки Финландия Россиянинг Украинадаги агрессив уруши муносабати билан «кечиктирмасдан» НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшириши кераклигини эълон қилди. Якшанба куни Швеция ҳам худди шундай қарор қабул қилиши кутилмоқда.
Ўнлаб йиллар давомида Стокҳолм ва Ҳелсинки қатъий бетарафлик ва ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик сиёсатини олиб боргани ҳисобга олинса, бу Швеция ва Финландия мудофаа сиёсати йўналишидаги туб ўзгариш бўлади.
Янги аъзоларнинг қабул қилиниши НАТОга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланиши керак. Ҳозирча иттифоқчиларнинг аксарияти Швеция ва Финландиянинг альянсга қўшилиш истагини олқишлаган. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳар икки давлат ҳам «қучоқ очиб» кутиб олинишини бир неча бор таъкидлади.
АҚШ президенти Жозеф Байден жума куни Швеция бош вазири Магдалена Андерссон ва Финландия президенти Саули Ниинистё билан суҳбатлашди. У «НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатини қўллаб-қувватлашини» таъкидлади», — дейилади Оқ уй хабарида. Вашингтон ҳозир «Туркия позициясини аниқлаштириш» устида ишламоқда.
Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан ҳафта охирида Берлинда Швеция ва Финландия таклиф қилинган НАТО ташқи ишлар вазирлари йиғилишида гаплашишини билдирди. Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто ҳам шундай қилмоқчи.
Туркия ҳам Украина, ҳам Россия билан яхши муносабатда. Шу пайтгача мамлакат Украинадаги уруш бўйича икки томонлама позицияни эгаллаб келган: Анқара Украинани жанговар учувчисиз учоқлар билан таъминлайди, бироқ айни пайтда Россияга қарши ғарб санкцияларига қўшилмади. Сўнгги ҳафталарда Эрдўған Москва ва Киев ўртасида воситачи сифатида ўз номзодини қайта-қайта таклиф қилди.
Россия Финландиянинг баёнотига дарҳол танқид ва таҳдидлар билан муносабат билдирди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия «албатта» қўшни давлатнинг НАТОга аъзолигини ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида кўради. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва жавоб қадамларни, жумладан, «ҳарбий-техник» характердаги чораларни кўришга мажбур бўлишини маълум қилди.
Жума куни Россиянинг «ИнтерРАО» гуруҳи Ҳелсинкидаги шуъба корхонаси RAO Nordic Oy энергетика компанияси Финландияга Россия электр энергиясини етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди. Компания етишмаётган тўловлар ҳақида маълумот бериб, «яқин келажакда» вазият яхшиланиши ва савдо қайта тикланиши мумкинлигига умид билдирган.
Финландиянинг Fingrid электр тармоғи компанияси вазиятга хотиржам муносабатда бўлиб, таъминот хавфсизлиги хавф остида эмаслигини таъкидлади. «Биз бунга тайёр эдик», деди Fingrid раҳбари Тимо Кауконен AFP ахборот агентлигига берган интервьюсида. «Биз Швеция ва Норвегиядан импорт ҳажмини бироз ошириш орқали вазиятга ечим топишимиз мумкин», дея аниқлик киритди у.
Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги муҳим босқичга хавфсизлик сиёсати бўйича парламентнинг янги ҳисоботи айланди. Унда қўшилиш бўйича аниқ тавсиялар келтирилмаган, аммо бошқа ҳамкорлик вариантлари «Швецияга мамлакат жиддий таҳдид ёки ҳужумга учраган тақдирда ёрдам беришини» кафолатламаслиги ҳақида огоҳлантириш берилган.
Бундан ташқари, Швеция парламентининг хавфсизлик сиёсати ҳақидаги ҳисоботида айтилишича, Швециянинг Шимолий Атлантика альянсидаги аъзолиги Шимолий Европадаги можаролар хавфини кескин камайтиради.
Мавзуга оид
14:29 / 13.11.2024
Финландия Тимченко ва Ротенбергнинг ҳоккей аренасини мусодара қилади
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
01:18 / 10.11.2024