Украина ҳаво ҳужуми қўшинлари қўмондонлиги томонидан эълон қилинган кадрларда бир неча ҳарбий машиналар ёнаётгани ва понтон кўприкнинг бир қисми чўкиб кетгани акс этган. Reuters’нинг ёзишича, дарё бўйидаги ўрмонзор ва трассада кўплаб ҳарбий машиналар ва танклар шикастлангани ёки ташлаб кетилгани кўринади.

Ҳар куни ўз разведка маълумотларини тақдим этиб келаётган Буюк Британия мудофаа вазирлиги украин кучлари россиялик ҳарбийларнинг Донбассдаги дарёни кечиб ўтишга бўлган уринишини муваффақият билан бартараф этишгани ҳақида хабар қилган.

Вазирлик фотосуратларга таянган ҳолда Северодонецк ғарбидан ўтган Шимолий Донни кечиб ўтиш чоғида Россия сезиларли талафотга учраганини тасдиқлайди - камида битта батальон тактик гуруҳи йўқ қилинган, дарёни кечиб ўтиш учун қурилган понтон кўприк вайрон бўлган.

«Уруш шароитида дарёдан кечиб ўтиш ўта хавфли манёвр ҳисобланади ва бу Россия қўмондонлиги Украина шарқида сезиларли натижаларга эришиш учун босим остида қолаётганидан далолат беради», дея вазиятни баҳолаган Британия мудофаа вазирлиги.

Reuters россияликларнинг дарёдан кечиб ўтиш учун уриниши барбод бўлгани ҳақидаги хабарни оператив текшириб, бу тўқнашув қачон ва қаерда бўлганини аниқлаштира олмаслигини қайд этган.

Украина ИИВ раҳбари ўринбосари Виктор Андрусив бу ҳодиса пайшанба куни Луганск областидаги Белогородка посёлкаси ҳудудида рўй берганини айтган. Андрусивнинг тасдиқлашича, украин ҳарбийлари «бутун бир батальон-тактик гуруҳини яксон этишган».

Андрусив бу батальон-тактик гуруҳ Россиянинг 74-алоҳида гвардия мотоўқчилари бригадаси таркибига киргани ва 70 дан ортиқ техникасининг 50 дан ортиғини йўқотганини тахмин қилган. Бу батальондаги ҳарбийлар сони 600 нафардан 800 нафаргачани ташкил этган бўлиши мумкин.

BBC’нинг Лвовдаги мухбири Жо Инвуд

Бу мутлақо яксон бўлиш - Украина мудофаасини қанотдан айланиб ўтишга уриниш ҳалокатли даражадаги муваффақиятсизликка учради.

Луганск областидаги Северодонецк шаҳридан ғарбдан ўтган Шимолий Дон дарёсининг шарқий соҳилидаги ёниб кетган рус танклари ва зирҳли техникалари. Дарёни кечиб ўтиш учун қурилган понтон кўприкнинг ярми сувдан чиқиб турибди.