Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний блогер Алишер Турсунов қидирувга берилди. Тармоқларда шу мазмунда тарқалган хабарни Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uzʼга тасдиқлади.

Маълум қилинишича, у Жиноят Кодексининг 244-2-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноят – «диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш» ҳаракатини содир этишда айбланиб, қидирувга берилган.

ИИВ расмийси маълум қилишича, фуқаро қачон қидирувга берилгани тергов сири билан боғлиқ. Шунингдек, бошқа айбловлар қўйилгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбекзабон сегментида фаол бўлган диний уламо – марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди, Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

Мубашшир Аҳмад бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилади. У 2023 йил охирида Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилган ва ушлаб турилган. Кейинроқ унга қўйилган айбловлар исботини топмаган ва қўйиб юборилганди.