Ўзбекистон | 07:38 / 20.05.2022
4521
2 дақиқада ўқилади

Фармацевтика техник университетини ривожлантириш учун 83,7 млн доллар ажратилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Фармацевтика техник университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Norma’нинг ёзишича, президентнинг “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Тошкент вилояти Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш назарда тутилган.

Кластер ўз ичига ўз инфратузилмасига эга бўлиб, унга илмий-тадқиқот марказлари ва лабораториялар, ўқув-илмий лабораториялари ва виварийлар, фармакопея маркази, меҳмонхонага эга симпозиумлар маркази, талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, сув ҳавзаси ва стадион киритилган Фармацевтика техник университетини ташкил этишни олади.

Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш;
  • фармацевтика тармоғида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган инновацион ва самарали таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини жорий этиш;
  • таълим ва фаннинг узлуксизлиги ва узвийлиги, шунингдек, уларнинг жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга интеграциялашуви ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш;
  • фармацевтика таълими, фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш ва бошқалар.

Кластернинг ўқув қисмини яратиш бўйича лойиҳани молиялаштириш учун Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожлантириш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) Ўзбекистонга 40 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан 83,7 млн доллар миқдорида кредит тақдим этди.

Университетда таълим жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул қилиш шартлари, таълим олиш шакли ва таълим тили ҳамкор университетлар билан келишган ҳолда аниқланади.

Мавзуга оид