Ўзбекистон | 07:49 / 23.05.2022
13441
2 дақиқада ўқилади

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи хусусий корхонага 100 млн долларга сотилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets” инвестиция компанияси АЖ “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ устав фондидаги “UzAssets”нинг 100 фоиз улушини 100 млн АҚШ долларига сотиш тўғрисида “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК билан келишувга эришди.

Фото: davaktiv

Сотиш жараёнини ташкил қилиш учун хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида танлов асосида “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ компанияси жалб қилинган. Давлат улушини баҳолаш учун Big4 ("Катта тўртлик")га кирган халқаро баҳолаш компанияси жалб этилган.

Корхона мамлакатдаги дастлабки ишлаб чиқариш қуввати 6,5 миллион тоннани ташкил этадиган энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлиб, тарихи 1959 йилдан бошланади, 1907 йилда ишга туширилган Олти-Ариқ ёқилғи ишлаб чиқариш қуввати шулар жумласида. 

Ўтган асрнинг 60-йилларида ФНҚИЗ ғарбий Сибир конларидан хомашё билан таъминланган, шунингдек, бутун СССР хомашёсини қайта ишлаш тизимининг бир қисми бўлган. Ўтган 20 йил давомида заводда модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмаган. Сўнгги 10 йил ичида йилига ўртача 1-1,5 млн тонна нефт қайта ишланган.

Битим доирасида харидор заводни модернизация қилиш, замонавий ва экологик тоза бензин, “Евро-5” талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси, “Жет а-1” реактив ёқилғиси, суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш, нефт агрегатларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватини камида 2 миллион тоннага оширишни таъминлашни ташкил этиш учун 380 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олади.

“Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК Ўзбекистондаги энг йирик хусусий вертикал интеграциялашган нефт ва газ компанияси ҳисобланади. Айни пайтда компания ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган 103 та конга эгалик қилади ва нефт қазиб олишнинг тахминан 80 фоизини ва тасдиқланган газ захираларининг тахминан 22 фоизини ташкил қилади. Нефт ва газ қазиб олишдан ташқари, компания бензин, дизел, нефт, авиация керосини ва бошқа бир қатор юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаради. 

Мавзуга оид