Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, нафақат бу ҳуқуқларни таъминлаш ҳақида, балки бу муаммо қай даражада долзарблигини тушунтириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада қуйидаги рақамларнинг ўзи катта маънога эга: 2021 йида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 39 343 та мурожаат келиб тушган ва шунча хотин-қизни ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган.
Зўравонликка учраган аёлларнинг жуда кам қисми тегишли жойга мурожаат қилиши, уларнинг аксарияти қўрқув ва бошқа сабаблар билан тазйиқларга тоқат қилишга мажбур эканини инобатга олсак, ҳақиқий рақамлар бундан анча юқорилигини англаш мумкин.
87 фоиз аёл яқинларидан жабр кўрган
Гуруҳларга бўлинганда: 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18 777 та руҳий, 13 658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7 174 та тазйиқ ҳолатлари аниқланган. Энг ёмони, зўравонлик ҳолатларининг 34 330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган.
Демак, бир йилда тахминан 40 мингга яқин аёл зўравонлик ва тазйиққа учраб ҳимоя ордери олишга мажбур бўляпти, уларнинг 87 фоизи ўз яқин(лар)и жабридан паноҳ сўраган.
Аслида, ҳар ой ёки бир-икки ойда бир неча марта ижтимоий тармоқларда ўғил туғмагани, кўп овқат егани ёки бошқа сабаблар билан эзилган аёллар ҳикоялари тарқалади, омма эса икки томонга ажралиб муҳокамаларга тушиб кетади.
Умуман, аёллар ҳуқуқлари мавзуси нима сабаб билан кўтарилганидан қатъи назар, бу муҳокамаларни ёқтирмайдиган ва низоларга аёлнинг ўзи ҳам сабабчи эканини уқтиришга уринадиганлар кўплаб топилади.
Буни тушуниш учун қиз бўлиб туғилиш керак

Блогер Шаҳноза Соатова хотин-қизлар ҳуқуқлари критик даражада ҳимояга муҳтожлигини инкор этувчиларга жавобан, жамиятда аёллар дуч келаётган адолатсизликни ҳис этиш учун аёл бўлиб туғилиш ва бу тенгсизликни ўз танасида ҳис этиш кераклиги ҳақида пост қолдирди







