Ўзбекистон | 18:23 / 28.05.2022
43160
3 дақиқада ўқилади

Электрошокер қўллашда қатнашган икки ходим ишдан кетди. Воқеа Самарқанднинг туризм салоҳиятига қандай таъсир қилади?

Хорижлик сайёҳларга қўпол муомалада бўлиб, уларга электрошокер қўллаган ИИБ ходимлари жазосиз қолмади. Энди уларни жиноий жазо таъқиб этмоқда. Ўзбекистоннинг туризм жозибадорлигига жиддий зарар келтирган ушбу ҳодиса ҳақида Kun.uz махсус репортаж тайёрлади.

Қозоғистон фуқаролари билан бўлган бу нохуш вазият Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар оқимининг пасайишига хизмат қилади, деган фикрлар илгари сурилди. Ҳолат бўйича Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари – туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобиловдан изоҳ олдик.

Ҳоким ўринбосари сайёҳлар билан содир бўлган ҳолатни бошданоқ қоралаганини маълум қилди. ИИБ идоралари вакиллари нафақат хорижлик, балки маҳаллий сайёҳлар билан ҳам бундай қўпол муомалада бўлмаслик керак, деган фикрни билдирди.

“Юртимизга келаётган сайёҳлар аввало хавфсизлик қанчалик таъминланган, қолаверса, маданий ҳордиқ учун қай даражада қулайлиги билан қизиқади. Ушбу нохуш ҳолат барчамизни ташвишлантирди. Шу сабабли вилоят ташкилотлари масъуллари биргаликда ушбу мавзуни жиддий муҳокама қилиб олдик. Вазиятга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам эътибор қаратиб, масъуллар билан ўтказилган учрашувда энди Самарқандда ресторан ва кафелар тун-у кун ишлаши ва сайёҳларга қулайлик яратиш бўйича зарур чоралар кўрилишини айтиб ўтди. Шу билан биргаликда, сайёҳларнинг маданий ҳордиқ олиши бошқаларга ноқулайлик келтириб чиқармаслигини ҳам эътибордан қочирмаслигимиз керак.

Сайёҳлар билан содир бўлган бу ҳолат ҳаммамизни ноқулай аҳволга солиб қўйганини тан оламиз. Табиийки, меҳмонларни бу воқеа иккилантириб ҳам қўйиши мумкин. Шунинг учун биз тезкорлик билан муносабат билдиришга ҳаракат қилдик. Келгусида бундай хатолар бўлмаслиги учун масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиряпмиз. Бу вазиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда Самарқандимизга сайёҳларнинг қизиқиши ва ташрифи учун барча қулайликларни таъминлаб бериш учун ишлаяпмиз” деди Рустам Қобилов.

Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаев сайёҳлар билан қўпол муносабатда бўлган ходимлар вазифасидан озод этилганини маълум қилди.

Саъдуллаевга кўра, сайёҳларнинг икки нафари қозоғистонлик, икки нафари маҳаллий фуқаролар бўлган.

“Электрошокер Ўзбекистон фуқаросига қўлланган. Бироқ бу ҳолат вазиятни енгиллаштирмайди, ходимларнинг ҳаракатини оқламайди. Ушбу воқеадан кейин хизмат текшируви тайинланиб, икки нафар ходим вазифасидан озод этилди. Бундан ташқари, патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш батальони командири ҳамда унинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бевосита хизмат бошлиғига “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди. Ҳолат бўйича прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда” деди Саъдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида қозоғистонлик сайёҳлар билан юзага келган вазият тармоқларда тарқалгач, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирганди.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид