Имконсиз режалардан воз кечилгач, Донбассда тўпланган рус қўшинлари ташаббусни қўлга олишган. Украина мудофааси бир неча жойда ёриб ўтилгач, улар Северодонецкдаги йирик гуруҳни қуршовга олишга интилмоқда. Бу шаҳар таъминоти амалда битта йўлга (бу трасса доимий равишда ўққа тутилмоқда) боғлиқ. Украина армияси бу ҳудудни топшириши ёки «Мариупол қисмати» такрорланиши хавфи остида шаҳарни ҳимоя қилишда давом этиши керак.
Россия армияси Донбасс учун жанглар расман бошланганидан икки ой ўтиб, урушнинг мазкур асосий йўналишида дастлабки жиддий натижаларга эришди. «ЛХР» ва «ДХР» кучлари, «Вагнер» ёлланма кучлари ҳамда РФ армияси ҳарбийларининг турли йўналишлардаги кўплаб муваффақиятсиз уринишларидан кейин ниҳоят Луганск областидаги Попасная шаҳри атрофида украинлар мудофааси ёриб ўтилди. Эндиликда россиялик ҳарбийлар Луганск области маъмурий маркази ҳисобланган Северодонецк ва Лисичанскда (ҳар бирида 100 мингдан ошиқ киши яшайдиган бу икки шаҳарни Шимолий Дон дарёси ажратиб туради) жойлашган украинларнинг 10 минг ҳарбийсидан иборат йирик гуруҳи ортига ўтишган.
Бу ерда Украина армияси мудофааси бир неча ўчоқлардан иборат, бутун гуруҳни Украинанинг асосий ҳудуди билан атиги битта кичик йўл боғлайди. Украинлар қуршовда қолиши мумкин — бу Мариуполдагидан каттароқ гуруҳ.
Россия Донбассда бир неча йўналишда муваффақиятга эришмоқда. Украина қатор муҳим шаҳарларни бой бериши мумкин. РФ ҳарбийлари Словянскка ҳам таҳдид солмоқда

Украина қўмондонлиги учун вазиятни оғирлаштирадиган ҳолат — Северодонецк россияликларнинг Донбассдаги ягона илгарилаётган йўналиши эмас (лекин энг хавфлиси). Россиялик ҳарбийлар шимолда Лиманга кирмоқда, украинларнинг асосий кучлари жойлашган Словянскка шарқдан ҳужум қилмоқда. Словянск икки томон учун ҳам муҳим ғоявий аҳамиятга эга: кўпчилик 2014 йилда ушбу шаҳар Игор Стрелков отряди томонидан эгаллаб олинганида «рус баҳори» бошланган деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, украинлар қўшини қуршовга тушиб қолмаслик учун Светлодарскни ташлаб кетишга мажбур бўлди, бу шаҳардан ўтган россияликлар бўлинмалари украинлар мудофаасидаги яна бир муҳим нуқта — Бахмутга яқинлашмоқда. Агар украин армияси бу юришлар йўлини тўсиб, россиялик ҳарбийларни тўхтатмаса, асосий урушнинг ҳозирги босқичида йирик мағлубиятга учрайди ва катта миқдордаги ҳарбийларидан айрилади.

















