New York Times'нинг аниқлашича, режалар қаторида президентга фавқулодда ҳолатда қўшимча ваколат бериш банди ҳам бор. Маълум бўлишича, ядро уруши вақтида ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш 1950-йилларда бошланган ва Конгресс бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмагани баробарида уларни назорат ҳам қила олмайди. Совуқ уруш давридан буён бу маълумотлар махфий ҳужжатлар ёрдамида яшириб келинади.

Бошида ядро уруши вақтида ҳарбий ҳолат эълон қилиш, ишончсиз одамларни қўлга олиш ва ҳатто хориждаги маълумотларга нисбатан цензура эълон қилиш кўзда тутилган. Аммо охирги йилларда бундай ҳолатда нима қилиниши, яъни фавқулодда ҳаракатлар бўйича президент директиваларида нима дейилгани номаълум.

Журналистлар барибир бу сирли жумбоққа йўл топишга уриниб кўришди. Улар кичик Жорж Буш администрацияси вақтидаги ҳужжатларни кўздан кечиришга муваффақ бўлган. Буш маъмуриятининг 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейинги ҳаракатларига алоқадор бўлган ўша ҳужжатларда юқоридаги махфий ҳаракат режасига ишоралар бор.

Бреннан адолат маркази томонидан NYT'га тақдим этилган ҳужжатлардан кўринадики, Буш администрацияси қонунчилик орқали президентга ҳарбий ҳолатда фавқулодда ваколат беришга ҳаракат қилади. Бу ваколатга кўра президент фавқулодда ҳолатда интернетни назорат қила олиши, ҳатто мамлакатда алоқани узиб қўйиш ваколатига эга бўлиши кўзда тутилган. Ўша вақтда интернет катта тезликда оммалашаётгани сабаб шундай қарорга келинганини тахмин қилиш мумкин.

2008 йилга оид экани айтилган яна бир ҳужжатда АҚШ Адлия вазирлиги Олий суднинг яқинда чиқарган қарори муносабати билан янги президент фармони лойиҳасини кўриб чиқаётгани айтилган. Гап Олий суднинг қайси иши ҳақида кетаётгани айтилмаган, аммо журналистларнинг қўлига бориб тушган ҳужжат санасидан билса бўладики, бироз аввал АҚШ Олий суди фавқулодда ҳолатда ҳукуматни ўйлантириши мумкин бўлган икки қарор чиқарган: биринчиси АҚШдаги қурол ҳуқуқи тўғрисида, иккинчиси Гуантанамодаги маҳбусларнинг суд мажлисларидаги ҳуқуқлари тўғрисида.

«11 сентябр воқеаларидан кейинги ҳаракатлар режасини ифодалаган ҳужжатлар америкаликлар ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита таъсир қилган бўларди. Қўшимчасига Конгресс улар устидан назорат ўрната олмайди. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди», дейди NYT'га ҳужжатларни тақдим этган Бреннан адолат маркази вакили Элизабет Гойтейн.

Экспертнинг фикрича, йиллар давомида ядро уруши вақтидаги ҳаракатлар режасига ядровий ҳужум қилишдан ташқари яна кўплаб нарсалар қўшилган. Охирги йилларда бу борада ҳужжатлар сони кенгайиб, еттита фарқли категорияларга бўлинган. Аммо уларнинг мазмуни махфий.