Бугун, 1 июн куни Республика товар-хомашё биржасида ун бўйича дастлабки очиқ биржа савдолари ўтказилди.
Биржа хабарига кўра, “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан бугунги биржа савдоларига 10,0 минг тонна 1-навли ун қўйилган ва улардан 8,3 минг тоннаси, яъни 83 фоизи сотилган.
“Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ уннинг ҳажми қарийб 1,7 минг тоннани ташкил этди. Яъни биржанинг ун бозорида таклиф етарли даражада бўлди”, дейилади хабарда.
Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра, 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 млн 497,8 минг сўмни ташкил қилган. Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 241,9 минг сўм)га нисбатан 6 фоизга ўсган.
Қўшимча қилинишича, ун бўйича ўтказилган биржа савдоларида жами 2 822 та харидор иштирок этган бўлиб, улардан 56 таси Тошкентда нон ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Бу корхоналар биржада жами 874 тонна 1-навли ун сотиб олган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, мутахассислар бугунги шаклланган нархлардан келиб чиқиб, ун нархи килоси 4291 сўм бўлганда, қолипли нон таннархини ҳам ҳисоблаб чиқишган.
Унга кўра, 1 июн кунги нархларга чақилганда битта буханка ишлаб чиқариш ва уни дўконларга етказиб беришнинг таннархи ўртача 2 550 сўмга тушмоқда.
Бу нархнинг ичида ун 1641 сўм, 4 сўмлик туз, 18 сўмлик ўсимлик ёғи, 38 сўмлик ачитқи, 37 сўм ун ташиш харажатларига тўғри келади. Қолгани – нонни пишириш учун газ, электр сарфи, ишчиларга тўланадиган иш ҳақи, нонни савдо дўконига етказиб бериш харажатлари, солиқлар ва корхона фойда нормаси.
“Эътибор беринг, бу ўртача шартли ҳисоб-китоблар. Нон комбинатларида технологияси ва энергия тежамкорлиги каби омиллар ҳисобига таннарх баландроқ ёки пастроқ бўлиши мумкин.

















