Ўзбекистон | 16:30 / 11.06.2022
2598
2 дақиқада ўқилади

Нукусда электр таъминоти корхонаси ходимларидан металлолом учун пул йиғилаётгани маълум бўлди

Нукус шаҳар электр таъминоти корхонаси муҳандиси томонидан қонунга хилоф равишда ишчи ходимларнинг ҳар бири 360 килограммдан қора металл ва 15 килограммдан рангли металл олиб келишга ёки металлолом ўрнига 250 минг сўмдан пул йиғиб беришга мажбурланаётгани маълум бўлган.

Фото: KUN.UZ

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига жорий йилнинг 30 апрель куни Нукус шаҳар электр таъминоти корхонасининг бир нечта ходимлари томонидан мурожаат келиб тушган. Унда Нукус шаҳар электр таъминоти корхонаси инженери томонидан қонунга хилоф равишда ишчи ходимларнинг ҳар бири 360 килограммдан қора металл ва 15 килограммдан рангли металл олиб келишга ёки металлолом ўрнига 250 минг сўмдан пул йиғиб беришга мажбурланаётгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, агентлик томонидан 5 май куни мурожаатда келтирилган ҳолатларни тўлиқ ва холисона ўрганиш юзасидан "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖга сўровнома юборилган. Унга асосан "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан жорий йил 6 майда Нукус шаҳар электр таъминоти корхонаси инженерига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Хизмат текшируви натижасида мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан қонуний баҳо бериш учун Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига юборилган.

Мавзуга оид