Жаҳон | 10:58 / 11.06.2022
31904
3 дақиқада ўқилади

Россия элчиси Эстония ТИВга Путиннинг Нарвани «қайтариш» ҳақидаги сўзлари учун чақирилди 

Петербург халқаро иқтисодий форуми иштирокчилари билан учрашувда Путин Пётр I бошқа давлатлардан «олиб қўймаган», балки Россияга «қайтарган» ҳудудлар контекстида Нарвани тилга олди.

Фото: wikiway.com

10 июнь, жума куни Россия элчиси Владимир Липаев Россия президенти Владимир Путиннинг Пётр I Нарвани Россияга «қайтаргани» ҳақидаги баёноти муносабати билан Эстония Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Эстония ТИВ вице-канцлери Рейн Таммсаар Липаевга Путиннинг айтганлари «афсусланарли» эканини билдирди.

«Россия Украина давлатчилиги ва миллатини йўқ қилиш йўли билан «рус дунёси» мафкураси остида ўзининг реваншистик сиёсатини олиб бораётган бир шароитда, буни ҳам мутлақо қабул қилиб бўлмайди, - дейилади Эстония ташқи сиёсат идораси расмий баёнотида. - Россия халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга интилиш ва давлат суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлиги тамойилларидан келиб чиқиш ўрнига ўзининг империалистик амбицияларини рўёбга чиқариш учун армияга қўшимча равишда тарғиботдан, шу жумладан тарихни сохталаштириш йўлидан фойдаланишга ҳаракат қилди». 

Бундан ташқари, Эстония ТИВ Россия томонидан бошқа мамлакатларга нисбатан билдирилган «денацификация» ва «демилитаризация» таҳдидларини, шунингдек, 8 июнь куни Россия давлат думасига тақдим этилган Литва мустақиллигини «бекор қилиш» тўғрисидаги қонун лойиҳасини «хавфли ва масъулиятсиз» деб атади. 

Эстония томони норозилигига сабаб бўлган Владимир Путиннинг сўзлари Петербург халқаро иқтисодий форуми иштирокчилари – ёш тадбиркорлар, муҳандислар ва олимлар билан учрашувда айтилди. 

«Мана, Пётр I 21 йил давомида Шимолий урушда иштирок этган. У Швеция билан уришиб ниманидир тортиб олган дейишади. Йўқ, у ҳеч нимани тортиб олмаган, қайтариб олган! Ҳа, айнан шундай бўлган. У ҳозирги Петербург жойлашган ҳудудда янги пойтахтга асос солганида ҳеч бир Европа давлати уни Россия ерлари деб тан олмаган, Швецияники деб тан олган. У ерларда асрлар давомида финн-угорлар билан биргаликда славянлар ҳам яшаган, ҳудуд Россия давлати назоратида бўлган. Ғарбий йўналишда ҳам шундай, хусусан, Нарва (Эстонияда жойлашган шаҳар) ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин, Пётр I уни қайтарган, мустаҳкамлаган», дея Путиннинг сўзларини келтирган kremlin.ru сайти.

«Афтидан, бизнинг чекимизга ҳам қайтариш ва мустаҳкамлаш тушган кўринади», деди Россия президенти ўз нутқи якунида.

Мавзуга оид