Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида ушбу массивда бўлиб, воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Қорасувдаги кўп қаватли уйларнинг аксариятида худди шундай балкон бор. Аввалбошданоқ айтишни истардик, тўғридан тўғри подъезд орқали ушбу балконларга чиқиш мумкин. Бу ёш болалар учун исталган дақиқада хавф туғдиради.



Кўп қаватли уйларда яшовчи Мавжуда Каттаева ҳолатга бевосита гувоҳ бўлиб қолганини айтмоқда. У подъездга кириш қисмини ёпиб турувчи пластик қоплама устига қаттиқ зарб билан нимадир тушганини эшитган. Яқинроқ бориб қизалоқни кўрган. Қизчанинг отаси ҳам шу атрофда бўлганини билдирди. Тезда одамлар йиғилган, тез тиббий ёрдам етиб келган, бироқ гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Маҳалла нуронийларидан бири Шавкат Жалилов кўп марта ўзлари ташаббус қилиб, балконлар олдини ёпишни таклиф қилганини айтмоқда. Бироқ ҳудудга хизмат кўрсатувчи ширкат – «NUR SHARQ TESS» бошқарув сервис ташкилоти бунга рухсат бермаган. Агар балконлар олди баландроқ қилиб ёпилса, фасад кўринишини бузиши айтилган.
Бу биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмаслигини айтмоқда “домком” Гавҳар Абдувоҳидова. Қорасувликларни бу ҳолат доим ташвишлантириб келган. “Бир неча марта мурожаат қилишимизга қарамай, балконларни ёпиб беришмади. Орқага суришди, натижа фожиа билан тугади. Қўшни уйларда яшовчилар ўзлари балконга баландроқ қилиб панжара ўрнатишганди. Икки-уч кунга қолмай олдириб ташланди”, – дейди Гавҳар опа.


Маълум бўлишича, уйларнинг ташқи кўриниши бузилади, деган важ билан балконга нимадир чиқаришга йўл қўйилмас экан. Уйлар ичкарисида шароит бўлмагани сабабли, айримлар ювилган кирни чиқариб қўйишга одатланган. Бироқ бунга ҳам рухсат берилмаслиги маълум қилинди.














