Жаҳон банки ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ўзларининг ярим йиллик прогнозларида глобал иқтисодиёт истиқболлари ҳақидаги оптимистик қарашларини қайта кўриб чиқди. Қайд этилишича, иқтисодий пасайиш хавфи ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага етган.

“Дунё Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари учун катта товон тўлайди. Уруш икки йиллик пандемия давридан кейин бошланган иқтисодий тикланишга таҳдид солади. Шубҳасиз, энг қашшоқ давлатлар бошқалардан кўра кўпроқ жабр кўради”, – дейилади OECD ҳисоботида.

“Россиянинг Украинага бостириб кириши жаҳон иқтисодиётига жиддий зарар етказди, энергия бозорларини беқарорлаштирди, кўплаб ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат танқислиги ва қашшоқликни кучайтирди”, дея ёзади Жаҳон банки иқтисодчилари.

BBC бу икки ташкилот эълон қилган охирги ҳисоботлар асосида Россиянинг Украинага бостириб кириши жаҳон иқтисодиётига қандай зарар етказиши мумкинлиги борасида 10 та факт ва прогнозларни келтириб ўтди.

1. Урушнинг нархи

Жаҳон банки 2022 йилда глобал иқтисодиётнинг ўсиши бўйича прогнозларини 4,1 фоиздан 2,9 фоизга, OECD эса 4,5 фоиздан 3 фоизга пасайтирди.

Ўсишнинг бир ярим фоизга қисқариши – улкан миқдор ҳисобланади, чунки жорий йилда глобал ялпи ички маҳсулот биринчи марта йилига 100 триллион доллардан ошиб кетиши кутилаётган эди.

Фото: EPA

Урушдан ташқари, Хитойда жорий қилинган карантин чекловлари ва Россия агрессияси туфайли юзага келган рекорд даражадаги инфляцияга қарши курашиш учун ривожланган мамлакатларда кредит ставкаларининг ошириши ҳам иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилмоқда.

2. Камбағаллар бойлардан кўра кўпроқ азият чекади

Иқтисодий инқироз натижасида ривожланаётган мамлакатлар ривожланган мамлакатларга қараганда тезроқ қашшоқлашади, чунки озиқ-овқат ва энергия ресурсларининг жаҳон бозоридаги нархлари ошиб бормоқда. Шунингдек, ривожланаётган мамлакатларнинг озиқ-овқат, ёқилғи, технология ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш учун хорижий валютадаги қарз ставкаларига боғлиқлик даражаси ҳам юқори даражада. Шу нуқтайи назардан, Россиянинг Украинага ҳужуми айнан уларга кўпроқ таъсир кўрсатади.