Европарламент раиси ўринбосари Украинани Евроиттифоққа шошилинч равишда қабул қилишдан тийилишга чақирди
Катарина Барлейнинг сўзларига кўра, у Украинага ЕИ аъзолигига номзод мақоми берилиши тарафдори, бироқ ташкилотга кириш учун барча мезонларга «тўлиқ амал қилиниши» керак.
Брюссел Украинани Европа иттифоқига шошқалоқлик билан қабул қилишдан тийилиши керак. Бундай фикрни Европарламент раиси ўринбосари, Германия социал-демократик партияси аъзоси Катарина Барлей билдирди. У билан суҳбат 18 июнь, шанба куни Die Neue Osnabrücker Zeitung газетасида эълон қилинган.
«Шошқалоқлик билан қабул қилмаслик керак», дейди Барлей. «Европа иттифоқи аъзосини ҳамжамиятдан чиқариб бўлмайди», деди Европа парламенти раиси ўринбосари. Унинг фикрига кўра, бу борада Киевни қабул қилиш мезонлари «тўлиқ қондирилганлиги» муҳимроқдир.
Салбий мисол сифатида Катарина Барлей 2004 йилда Европа иттифоқига қўшилган Венгрияни келтирди. Сиёсатчининг фикрича, Будапешт қонун устуворлигини «тизимли» тарзда бузади.
Шу билан бирга, нашр суҳбатдоши Украинага ЕИ аъзолигига номзод мақоми берилишини олқишлашини айтди. Бу «Москва учун бизнинг қадриятларимизни ҳимоя қилишда Европа иттифоқи ўзини қўрқитишга йўл қўймаслиги ҳақида муҳим сигнал бўлади», деди Барлей. Шу билан бирга, аъзолик мезонлари Европа иттифоқига кириш учун бошқа номзодларга нисбатан «эркин талқин қилинмаслиги» керак, дея қўшимча қилди Европарламент раиси ўринбосари.
Катарина Барлейнинг сўзларига кўра, у «Европа иттифоқига аъзо барча давлатлар Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиши йўлини текислашни хоҳлашига деярли амин». «Вақт ҳақида турлича фикрлар бўлиши мумкин, лекин асосан ҳамма мақсад бўйича якдил позицияда», дея хулоса қилди у.
17 июнь куни Еврокомиссия Украинага ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришни тавсия қилди. Бу ҳақда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен маълумот берди. Худди шундай тавсия Брюсселда Молдова учун ҳам берилган. Грузия бўйича ЕИ Тбилисининг Европага оид истиқболларини тан олди, бироқ мамлакат номзод мақоми берилишидан олдин кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириши керак бўлади.
Бошқа икки давлатда ҳам ўзгаришлар амалга оширилиши лозим. Украина учун бу еттита қадам, Молдова учун эса тўққизта. Грузия 12 та «уй вазифасини» бажариши керак.
Номзод мақомини бериш масаласи 23-24 июнь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда Европа иттифоқи мамлакатлари президентлари ва бош вазирлари томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ижобий қарорни Европа иттифоқининг барча 27 давлати бир овоздан қўллаб-қувватлаши талаб қилинади.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024