Тоғли узоқ туманга тўйга айтишди. Наҳор ошида келди-кетдини кузатиб, бемалол ўтирдик. Тўй охирлаётганда даврага ёши қирқарга борган, сочлари оқариб кетган бир киши кириб келди. Тўй соҳиблари негадир унга илтифот кўрсатишмади. У бўш столлардан бирига бориб ўтирди ва олдига қўйилган ошни индамай еб, даврадан чиқиб кетди. Йигитга ҳеч илтифот кўрсатмагани мени ҳайрон қолдирди.

Таажжубимни кўриб, ёнимизда ўтирган мезбонлардан бири гап очди:

 — Ҳайрон қоляпсизми? У шунга лойиқ.

Мезбоннинг айтишича, бир пайтлар йигит гиёҳванд моддаларга муккасидан кетган. Оқибатда отасини ўлдириб, узоқ йил «ўтириб» келган. Қамоқдан чиқиб келгандан буён қишлоқ аҳли уни ёқтирмас, маъракаларига чақирмас, йигитнинг ўзи бир четдан келиб қатнашиб кетаркан.

Тўй тугагач, мезбонлардан йигитнинг манзилини сўрасам, улар ажабланишди. Йигит билан суҳбатлашмоқчи эканимни айтгандим, истар-истамас манзилни беришди. Маълум бўлишича, у қамоқдан чиқиб келгач, қишлоқ четидаги ташландиқ ҳовлида яшаётган экан.

Ҳовлини топиб борганимда томи лойсувоқ, деворлари сомонсувоқ ҳолда қолиб кетган уй қаршисидан чиқдим. Чақирганимда ҳеч ким жавоб бермагач дарчани очиб ичкарига кирдим.

Ҳовлига анча тартиб берилган, бир томонда турли экинлар, яна бир томонда сўритокка кўтарилган узум бор эди. Бироздан сўнг йигит чиқиб келди ва мени кўриб ҳайрон бўлди.

Йигитни гапиртириш осон бўлмади. Аммо кимлардир ўзи учун тўғри хулоса чиқариши ва гиёҳвандлик балосининг домига илинмаслиги унинг учун бошидан ўтказганлари ҳақида ёзишим кераклигини тушунтирганимдан сўнг у гап бошлади:

«Оилада икки ўғил эдик. Ўқувчилигимда тўполончироқ бола эдим. 7–8-синфларга ўтганда сигарет чекишни бошладим. Отам унча қаттиққўл эмасди, шундай бўлса-да,  чекишимни ундан яшириб юрганман. Акам сезиб қолиб мени чекишдан қайтармоқчи бўлди, аммо ундан бир неча марта калтак есам ҳам чекишни ташламадим.

Отамнинг бозорда кийим-кечак билан савдо қилувчи дўкони бор эди. Акам билан унга ёрдам берардик. Оиламизнинг даромади яхши эди.

Мактабни битирганимдан кейин отамнинг ёрдами билан алоҳида дўкон қилдим. Оиламизда ҳар кимнинг фойдаси ўзига деган ёзилмаган қоида амал қиларди. Мен ўзим ишлаб топган пулдан оила бюджетига бермасдим. Кейинчалик ёмон йўлга кириб кетишимга қисман шу ҳолат сабаб бўлганмикан, деб ўйлаб қоламан.

Бозорда савдо яхши эди. Чўнтагимда доим дасталаб пул билан юрардим. Дўстлар билан чойхоналарда йиғилишиб қолганимизда харажатнинг катта қисмини сахийлик билан кўтарардим. Ўшанда онам нимагадир пул сўраганда «ана, отамдан олинг, менинг кассам алоҳида» деб жавоб берган ноқобил ўғил, дўстлар билан йиғилганда пулларни аямасдан ишлатардим.