Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 31 июлдаги 25-сон буйруғи билан вазирлик томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Ҳужжат 7 август куни Адлия вазирлигида 3919-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ўзгартиришлар 2026 йил 11 июнда қабул қилинган, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонунга мувофиқ киритилган.

Хусусан, 2018 йилда тасдиқланган дорихона шароитида «ангро» маҳсулотини қадоқлаш, ўраш, маркировка ва реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди.

Ундаги «гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари, психотроп моддалар» деган сўзлар «гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари» деган таҳрирда баён этилди.

Шунингдек, тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам худди шундай ўзгартириш киритилди.

Буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.