Учрашувда президент асосий қонунга қатор нормаларни киритиш бўйича таклифлар илгари сурди. Kun.uz мазкур таклифларни санаб ўтади.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари йўналишида:
- Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга (прописка чекловлари қайтиб ҳеч қачон тикланмайди);
- ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланади;
- шахсий ҳаёт дахлсизлиги кафолатланади;
- мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўйилмайди;
- ҳар бир шахс қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқига эга;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши керак.
Тадбиркорлик ва ерга оид масалалар:
- Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди;
- давлат товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши, ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитларни яратиши керак;
- тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли;
- давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатни ҳимоя қилиши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим;
- ер хусусий мулк бўлиши мумкин; қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида қолади ҳамда тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади.
Суд-ҳуқуқ соҳасида:
- “Миранда қоидаси”: шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтириш бериш шарт;
- “Хабеас корпус” институти: шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас;
- ўлим жазоси тақиқланади;
- шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас;
- маҳбусларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт;
- маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак;










