Украинадаги уруш. Сўнгги маълумотлар:
- Британия разведкаси маълумотига кўра, Россия армияси Северодонецк ҳудудини ўққа тутишда давом этиб, унга шимолдан Изюм, жанубда Попасная орқали кириб келишга уринмоқда;
- Урушларни тадқиқ қилиш институти хабар қилишича, россиялик ҳарбийлар Лисичанскка жанубдан муваффақиятли юриш қилмоқда;
- Украина кучлари Қора денгиздаги Илон оролига (Змеиний) яна зарба йўллаган ва душман ҳарбий техникаларининг бир қисмини йўқ қилган;
- «Чегарасиз мухбирлар» тасдиқлашича, март ойида Киев атрофида ҳалок бўлган украин журналисти Макс Левин россиялик ҳарбийлар томонидан қатл этилган;
- Миколаев области маъмурияти Виталий Кимнинг хабар қилишича, Россия 22 июн тонгида Миколаевга етти бор ракета зарбаси йўллаган;
- Лвив суди россияпараст бизнесмен ва сиёсатчи Виктор Медведчукнинг ҳибс муддатини узайтирди ва унинг вагон-ресторанини хатлади;
- Мариупол мэри Вадим Бойченко уруш даврида шаҳарда камида 22 минг киши ҳалок бўлганини хабар қилди.
Северодонецк
Энг оғир жанглар кетаётган ҳудудларда ишлаётган фотографлар сўнгги бир неча кун мобайнида олинган суратларни намойиш эта олишмади. 21 июн куни Олександр Ратушняк шу кунларда Северодонецкда олинган суратларни эълон қилди.

Северодонецкдаги бинолардан бирининг синган деразасидан «Азот» кимёвий заводининг кўриниши. Шаҳарнинг саноат ҳудуди, жумладан «Азот» заводи ҳамон украин ҳарбийлари назоратида қолмоқда, заводда тинч аҳоли вакилларидан 568 киши яширинган, улар орасида 38 нафар бола ҳам бор. Бу ҳақда 21 июн куни Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай маълум қилган.

Украин ҳарбийси Северодонецк яқинида Шимолий Донни кечиб ўтмоқда. Сергей Гайдайнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар шаҳар атрофидаги аҳоли пунктларида ўрнашиб олган ва шаҳарни ўққа тутмоқда. Северодонецкнинг ўзида кўча жанглари кетмоқда.
























